Зеленский НАТОнинг дастлабки ёрдамида қандай қуроллар бўлишини очиқлади
Олам
−
18 Сентябрь 4987 2 дақиқа
НАТОнинг янги PURL дастури (Украинанинг устувор эҳтиёжлари рўйхати) доирасида мамлакат Patriot ҳаво мудофааси тизимлари ва HIMARS реактив тизимлари учун ракеталар олади. Бу ҳақда Украина Президенти Владимир Зеленский Европа Парламенти раиси Роберта Метсола билан ўтказгган қўшма матбуот анжуманида сўз очди.
“Биз PURL доирасида ҳамкорларимиздан 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ олдик. Октябрь ойида яна 3,5–3,6 миллиард доллар оламиз”, деган Зеленский.
“Reuters” нашрига кўра, 16 сентябрь куни АҚШ маъмурияти ЕИ вакиллари томонидан молиялаштирилган Украина учун дастлабки қурол етказиб бериш пакетларини маъқуллаган. Пентагоннинг Сиёсат бўйича раҳбар ўринбосари Элбридж Колби қиймати 500 миллион долларлик икки пакетни тасдиқлаган.
Украина ТИВ матбуот котиби Георгий Тихий ҳам АҚШдаги Украина элчихонаси бу тасдиқни олганини билдирган, аммо қуроллар қачон етиб келиши ҳақида аниқ муддат айтилмаган.
PURL дастури Вашингтон ва Европа мамлакатлари томонидан ишлаб чиқилган: унга кўра, АҚШ қуролни Европа иттифоқи вакилларига сотади, улар эса уни Украинага узатади. Зеленскийнинг сўзларига кўра, иттифоқчилар бу йўналишга ҳозиргача 2 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа вазири Денис Шмигаль Украинадаги можаро давом этса, Киевга 2026 йилда ҳарбий харажатларга камида 120 млрд доллар керак бўлиши ҳақида айтганди. Унинг сўзларига кўра, уруш тугаган тақдирда ҳам, мамлакатга бундан унчалик кам бўлмаган маблағ зарур бўлади.