Зеленский Испанияга борди
Олам
−
27 Май
6090Украина Президенти Владимир Зеленский амалий ташриф билан Мадридга борди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Украина Президентини аэропортда Испания қироли Филипп VI кутиб олди.
“Биз ҳозирда жуда муҳим ролга эга бўлган сиёсий шартномани имзоладик. Бу келажак учун тузилган шартнома ва бу бизнинг Украинани барқарорлик ва барча воситалар билан таъминлашга қатъийлигимиз намунасидир. Биз ўтган йилги G7 декларацияси доирасида Украина билан бундай шартномани имзолаган ўнинчи давлатмиз”, дейди Испания Бош вазири Педро Санчес.
2023 йилда НАТОнинг Вильнюсдаги саммитида G7 давлатлари Украина хавфсизлиги бўйича қўшма декларацияни имзолади. Шундан сўнг Буюк Британия, Канада, Германия, Франция, Дания, Италия, Финляндия, Нидерландия ва Латвия Украина билан тегишли келишувларни имзолаган.
Ушбу келишувга кўра, Испания Украинага ҳарбий можарода ҳарбий ёрдам кўрсатишни давом эттириш мажбуриятини олади. Испания, шунингдек, 400 янги украиналик аскарни тайёрлаш учун масъул бўлади, улар мамлакатда аллақачон ўқитилган 4000 аскарга қўшилади.
Зеленскийнинг ташрифи 17 майга белгиланган эди, бироқ Россиянинг Харьковга ҳужуми туфайли бекор қилинишига тўғри келди. Ҳозирги ташриф Монклоа саройи томонидан фақат якшанба куни кечқурун хавфсизлик нуқтаи назаридан тасдиқланди.
Маъмура Тўраева
LiveБарчаси