Зеленский икки кун ичида учинчи давлатга борди

Олам

image

Украина Президенти Владимир Зеленский Словакияга ташриф буюрди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.

Қайд этилишича, Зеленксий бугун, 7 июль куни тушдан сўнг Чехияга ташрифини якунлаб, Братиславага учиб борган ва расмий учрашувларни бошлаган. Украина раҳбари Словакия Президенти Зузана Чапутованинг қароргоҳида у билан учрашган. Шунингдек, Зеленскийнинг ташрифини Словакия Ташқи ишлар ва Мудофаа вазирлари ҳам олқишлаган.

Ташрифдан асосий мақсад Украинанинг Евроатлантика интеграцияси, унинг тикланиши ва Россияга қарши туришида қўллаб-қувватлаш, шунингдек, икки томонлама масалалар, жумладан, Украина ва Словакия ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, кеча Зеленский Болгарияга ташриф буюрганди. Кейин у Чехияга ҳам борди. Чехия Украинага қўшимча ҳужум вертолётлари, катта калибрли ўқ-дорилар етказиб беришини ва F-16 қирувчи самолётлари учун учувчиларни тайёрлашга ёрдам беришини ваъда қилди. Шунингдек, Украина Президенти тез орада Туркияга ҳам бориши режалаштирилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, Зеленскийнинг Европа давлатларига амалга ошираётган кетма-кет ташрифлари уларни келаси ҳафта, 11 июль куни Вильнюсда бошланадиган НАТО саммити олдидан Украинани ташкилотга аъзолик номзодини қўллаб-қувватлашга ундашга қаратилган. Шунингдек, яна бир асосий урғу Украинанинг давом этаётган қарши ҳужумини кучайтириш учун янги қурол-яроғларни етказиб беришга Европа етакчиларини кўндиришга берилган. Унинг Туркияга сафари давомида эса музокаралар марказида Россия билан тузилган Дон йўлаги келишуви муддатини узайтириш масаласи бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Зеленский Словакия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг