“Заправка”даги портлашда ҳалок бўлганларнинг оиласига 100 млн сўмдан берилди

3-саҳифа

image

Жорий йилнинг 16 июль куни Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида 4 киши вафот этганди. Ушбу ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига 100 млн сўмдан компенсация тўлаб берилди. Бу ҳақда Кўкдала тумани ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, “Олтин дала” МФЙда жойлашган аҳолига газ тарқатиш шоҳобчасида содир бўлган ёнғин оқибатида жабр кўрган фуқароларга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан компенсация ажратилган. 

Жумладан, ёнғинда ҳалок бўлган фуқароларнинг оилаларига 100 млн сўмдан, ёнғинда жароҳатланган ва айни дамда даволанишда бўлган фуқароларга эса 50 млн сўмдан нақд пул кўринишда компенсация тўлаб берилган.

Қайд этилишича, ушбу маблағлар туман ҳокими ҳамда ҳокимлик масъуллари иштирокида фуқароларнинг хонадонлари ва даволаниш жойларига олиб бориб берилган.

“Бундан ташқари, жароҳатланган фуқаролар тўлиқ тузалиб кетгунга қадар малакали шифокорлар уларга бепул тиббий хизмат кўрсатади. Уларнинг даволаниш ва дори-дармон харажатлари ҳам тўлиқ давлат томонидан қоплаб берилади”, дея қўшимча қилинади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Кўкдала туманида содир бўлган ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

портлаш Кўкдала Заправка

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг