Юзлаб чет эл фуқаролари Ғазони тарк этмоқда
Олам
−
01 Ноябрь 2023
3816Бир неча юз нафар хорижлик фуқаролар Ғазо секторини Рафаҳ назорат пункти орқали тарк этмоқда. Бу ҳақда “Sky News Arabia” хабар берди.
Айтилишича, тез ёрдам машиналари Ғазо секторининг ярадор аҳолисини қўшни давлатга етказаётган бир вақтда хорижий паспорт эгалари Миср ҳудудига ўтмоқда. Расмийлар ҳозирча бу маълумотга изоҳ бермаган.
“Al Jazeera”нинг анклав чегара хизматига таяниб хабар беришича, камида 81 ярадор Ғазо секторини Рафаҳ назорат пункти орқали тарк этади.
“Reuters” эса Миср хавфсизлик кучларидаги манбасига таяниб, 1 ноябрь куни эрталаб икки фуқароликка эга 500 га яқин киши анклавни қўшни Миср билан боғлайдиган Рафаҳ ўтиш жойи орқали Ғазо секторини тарк этиши мумкинлигини ёзган.
Қайд этилишича, Рафаҳ ўтиш жойини очиш бўйича келишув ҳибсга олинганларни озод қилиш ёки музокаралар олиб борилаётган бошқа масалаларга боғлиқ эмас. Ҳозирча Рафаҳ ўтиш жойи эвакуация учун қанча вақт очиқ қолиши ҳақида ҳеч қандай жадвал йўқ.
Британия Ташқи ишлар вазири Жеймс Клеверли эса X’даги саҳифасида Миср ва Ғазо сектори ўртасидаги Рафаҳ чегара пункти бугун, 1 ноябрь куни очилиши кутилаётганини ёзган.
"Рафаҳ ўтиш жойи бугун чет эл фуқароларининг биринчи гуруҳи учун очилади. Британия гуруҳлари фуқароларимиз чиқиб кетишлари биланоқ уларга ёрдам беришга тайёрланмоқда. Ҳаётни қутқарувчи инсонпарварлик ёрдами Ғазога имкон қадар тезроқ кириб бориши муҳим ", деб ёзган ТИВ раҳбари.
Маълумотларга кўра, Ғазо секторидаги америкаликлар сони 500 дан 600 нафаргача баҳоланмоқда, уларнинг аксарияти ўз оилаларини кўришга борган, бироқ Рафаҳ ўтиш жойининг бомбардимон қилиниши уларнинг кетишига бир неча бор тўсқинлик қилган. .
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ ҲАМАС Рафаҳ орқали Ғазо секторини тарк этиши мумкин бўлган одамлар рўйхатини эълон қилган эди. Ушбу рўйхатда 430 га яқин киши, жумладан, Австралия, Австрия, Болгария, Индонезия, Иордания, Финляндия, Чехия ва Япония фуқаролари бор эди. Бундан ташқари, Халқаро Қизил Хоч қўмитаси ва анклавда фаолият юритаётган бир қатор нодавлат ташкилотлар ходимларига Ғазодан чиқиб кетишга рухсат берилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь