Юридик университетнинг собиқ ректори янги лавозимга тайинланди
Жамият
−
29 Август 2019
10830Аввалроқ, Есемурат Султамуратович Каньязов Ўзбекистон Республикаси адлия вазири ўринбосари – Тошкент давлат юридик университетининг ректори лавозимидан озод қилингани ҳақида хабар берган эдик.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг бугун, 29 августдаги буйруғи билан Есемурат Каньязов Адлия вазирлиги ҳузуридаги Интеллектуал мулк агентлиги директори ўринбосари лавозимига тайинланди.
Есемурат Каньязов 1971 йил 13 июлда Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида туғилган. Маълумоти – олий, ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди.
1993 йил Москва давлат автомобил-йўллар институтини, 1999 йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган.
У ўз меҳнат фаолиятини 1993 йилда “Қорақалпоқавтойўл” Давлат акционерлик бирлашмасининг йўллар эксплуатацияси бўлимида сттажёрликдан бошлаган, сўнг йўл фонди инспекциясида юрист-маслаҳатчи вазифасини бажарган.
1996-1999 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи ва бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган.
1999-2001 йилларда ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги тизимида давом эттириб, иқтисодий ислоҳотлар бўйича қонун ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларининг юридик экспертизасини тайёрлаш ва амалга ошириш бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борган. 2001 йил апрелидан октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ёрдамчиси, 2001-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида иқтисодий қонунчилик бошқармасининг бошлиғи, 2005-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, 2011-2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2013-2017 йилларда Тошкент давлат юридик университетининг ректори бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан 2010 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.