Юридик университет ректори лавозимдан озод этилди
Жамият
−
23 Август 2019
7809Бугун, 23 август куни Тошкент давлат юридик университети ректори Есемурат Каньязов лавозимидан озод этилди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган ушбу хабарни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги Матбуот хизмати тасдиқлади.
Маълумотларга қараганда, собиқ ректор Адлия вазирлиги тизимида фаолиятини давом эттиради. Аммо унинг қайси лавозимни эгаллаши ҳозирча маълум эмас.
Есемурат Каньязов 1971 йил 13 июлда Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай туманида туғилган. Маълумоти – олий, ҳуқуқшунос, юридик фанлар номзоди.
1993 йил Москва давлат автомобил-йўллар институтини, 1999 йилда Қорақалпоқ давлат университетини тамомлаган.
У ўз меҳнат фаолиятини 1993 йилда “Қорақалпоқавтойўл” Давлат акционерлик бирлашмасининг йўллар эксплуатацияси бўлимида сттажёрликдан бошлаган, сўнг йўл фонди инспекциясида юрист-маслаҳатчи вазифасини бажарган.
1996-1999 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида маслаҳатчи, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи вазифасини бажарувчи ва бўлим бошлиғи вазифаларида ишлаган.
1999-2001 йилларда ўз меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги тизимида давом эттириб, иқтисодий ислоҳотлар бўйича қонун ва меъёрий ҳужжатлар лойиҳаларининг юридик экспертизасини тайёрлаш ва амалга ошириш бошқармасининг етакчи маслаҳатчиси, бош маслаҳатчи, бўлим бошлиғи вазифаларида фаолият олиб борган. 2001 йил апрелидан октябрига қадар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ёрдамчиси, 2001-2005 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида иқтисодий қонунчилик бошқармасининг бошлиғи, 2005-2011 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг ўринбосари, 2011-2013 йилларда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирининг биринчи ўринбосари, 2013-2017 йилларда Тошкент давлат юридик университетининг ректори бўлган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига биноан 2010 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени билан мукофотланган.
LiveБарчаси