Юпитер яқинида гигант сайёралар “фабрикаси” топилди

Бу қизиқ

image

Макс Планк жамиятининг Қуёш тизимини тадқиқ қилиш институти олимлари Юпитер орбитасидан кейинги ҳудуд сайёралар ва астероидларнинг қурилиш блоклари бўлмиш планетезималлар шаклланишидаги асосий “фабрика”лардан бири бўлган бўлиши мумкинлигини аниқлади. Ушбу тадқиқот иши “The Astrophysical Journal (AstroJournal)” журналида чоп этилди.

Қарийб 4,6 миллиард йил аввал ёш Қуёш газ ва чанг билан қопланган диск билан ўралган бўлган. Вақт ўтиши билан чанг зарралари бир-бири билан тўқнашиб ва ёпишиб, тобора йирикроқ жисмларни — кейинчалик улардан сайёралар ва астероидлар шаклланган планетезималларни ҳосил қилган.

Тадқиқотчилар Қуёш тизими яралишидан 2–4 миллион йил ўтгач содир бўлган жараёнларни моделлаштирган. Бу вақтга келиб Юпитер аллақачон шаклланиб бўлган ва ўз орбитаси бўйлаб бўшлиқни тозалаб, газ-чанг дискида узилиш (ёриқ) пайдо қилган эди. Унинг ортида дарҳол газ босими юқори бўлган ҳудуд — чанг зарралари ва космик “тошчалар” тўплана бошлайдиган ўзига хос “тузоқ” юзага келган.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, айнан мана шу ҳудуд планетезималлар туғилиши учун идеал жой бўлиб чиққан.

“Планетезималларнинг турли типлари илк газ-чанг дискининг бир хил ҳудудида, аммо турли вақтларда шаклланган кўринади. Юпитер орбитасидан кейинги ҳудуд бунинг учун ажойиб шароитни таъминлаб берган”, дея тушунтирди тадқиқот раҳбари Йоанна Дронжковска.

Моделлаштириш натижалари дастлабки планетезималларнинг қолдиқлари ҳисобланган қадимий метеоритлар — углеродли хондритлар бўйича олинган маълумотларга ҳам мос келди. Бу метеоритлар таркибида Қуёш тизими шакллана бошлаган даврдан буён деярли ўзгармай қолган моддалар мавжуд.

Моддалар нисбатининг ўзгариши

Олимлар Юпитер ортидаги “чанг тузоғи”да икки турдаги модданинг нисбати босқичма-босқич ўзгариб борганини кўрсатган. Булар: морт, майда донали материал ҳамда тизимнинг иссиқ ҳудудларида вақтлироқ шаклланган зичроқ фрагментлар. Вақт ўтиши билан бу ҳолат турли таркибга эга бўлган планетезималларнинг бир неча авлоди пайдо бўлишига олиб келган.

Дастлабки ўзгаришлар тахминан 500 минг йилдан кейин бошланган: юмшоқ материал миқдори аввалига камайган, сўнгра кейинги бир миллион йил давомида яна ўсган. Кейинчалик бу ҳудудда космик жисмларнинг иккита алоҳида популяцияси пайдо бўлган — уларнинг бирида морт моддалар, иккинчисида эса зичроқ моддалар устунлик қилган.

Муаллифларнинг фикрича, Юпитер орбитаси ортида нафақат углеродли хондритларнинг аждодлари, балки ундан ҳам аввалроқ пайдо бўлган метеоритларнинг бошқа турлари ҳам шаклланган бўлиши мумкин.

“Бизнинг Қуёш тизимимизда чанг тузоқлари планетезималлар туғилиши учун энг маъқул кўрилган жой бўлганига ишончли далиллар бор”, дейди Дронжковска.


Мақола муаллифи

Теглар

астероид Юпитер сайёралар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг