Юнусободда ишлаб чиқариш цехи ёниб кетди
3-саҳифа
−
14 Июль 3906 1 дақиқа
Бугун, 14 июль куни эрталаб Тошкент шаҳар Юнусобод туманида жойлашган ишлаб чиқариш цехларининг бирида ёнғин чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, соат 07:39 да Ахмад Дониш кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш цехларининг бирида ёнғин рўй бергани тўғрисида ФВБга хабар тушган. Шунга кўра, 6 та ёнғин-қутқарув экипажи соат 07:44 да воқеа жойига етиб бориб, ёнғин соат 08:14 да қуршаб олинган ва соат 08:51 да ўчирилган.
Тан жароҳати олганлар тўғрисида маълумот мавжуд эмас. Воқеа жойига ФВВ раҳбарияти, шаҳар ва туман ФВБ раҳбар ходимлари етиб борган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳридаги “Seoul Mun”да жойлашган овқатланиш масканларининг бирида ёнғин содир бўлганди. Тан жароҳати олганлар бўлмаган.