Юнусобод метро линиясида навбатдаги бурғулаш ишларига старт берилди
Жамият
−
18 Июль 2019
4663Бугун, 18 июль куни Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ёпиқ усулда қурилаётган янги станциялар оралиғидаги туннелнинг навбатдаги қисмида бурғулаш ишлари бошланди. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.
Тошкент метрополитени Юнусобод йўналишининг иккинчи босқичи қурилиши лойиҳасининг умумий қиймати – 124,8 млн АҚШ долларини ташкил этади. Барпо этилаётган янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрдан иборат.
Лойиҳа “Тошкент Метропроект” МЧЖ мутахассислари томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра қурилиш ишлари жорий йилда тўла ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган.
Ушбу бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилгач, Юнусобод метро йўналишига яна иккита бекат қўшилади. Булар “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари бўлиб, ҳар иккиси ҳам шарқона меъморчилик анъаналари асосида барпо этилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 май куни Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ёпиқ усулда қурилаётган янги станциялар оралиғидаги туннелнинг биринчи йўналишида узунлиги қарийб 1,5 километрлик бурғилаш ишлари якунланганди.