Юнусобод метро линиясида дастлабки бурғилаш ишлари якунланди
Жамият
−
21 Май 2019
4562Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида ёпиқ усулда қурилаётган янги станциялар оралиғидаги туннелнинг биринчи йўналишида узунлиги қарийб 1,5 километрлик бурғилаш ишлари якунланди.
Германиядан келтирилган Herrenknecht русумли туннель бурғилаш техникаси ёрдамида 938 комплект темир-бетон ҳалқалар ўрнатилиб, Юнусобод линиясининг “Шаҳристон” бекати билан уланиш учун тайёрланган махсус қисмига етиб келди.
Айни пайтда пойтахтнинг Юнусобод йўналишида 2-босқич қурилиши давом этмоқда. Янги йўлнинг умумий узунлиги 2,93 километрни ташкил этади. Бугунги кунда метронинг туннель қурилиш-монтаж ишлари очиқ ва ёпиқ усулда олиб борилмоқда. Мазкур ер ости қурилиш ишларида “Кўприкқурилиш трести” унитар корхонасининг 67-Кўприкқурилиш отряди жамоаси томонидан амалга оширилмоқда. Бугунги кунда ушбу объектга 180дан ортиқ малакали муҳандис ва мутахассислар 40га яқин замонавий махсус техника ва механизмларда иш олиб боришмоқда. Туннелнинг очиқ усулдаги қурилишлари деярли якунига етказилди.
Лойиҳа 2019 йил охиригача тўла ниҳоясига етказилиши кўзда тутилган. Ушбу бунёдкорлик ишлари ниҳоясига етказилгач, Юнусобод метро йўналишига яна иккита бекат қўшилади. Булар “Юнусобод” ва “Туркистон” бекатлари бўлиб, ҳар иккиси ҳам шарқона меъморчилик анъаналари асосида барпо этилмоқда.
LiveБарчаси