UNESCO 24 январни Афғонистондаги таълимдан маҳрум аёлларга бағишлади
Олам
−
23 Январь 2023
4418Эртага, 24 январда нишонланадиган Халқаро таълим куни муносабати билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (UNESCO) ушбу кунни Афғонистондаги асосий таълим ҳуқуқларидан зўрлик билан маҳрум этилган қизлар ва аёлларга бағишлаш қарорини эълон қилди. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берди.
“UNESCO бешинчи Халқаро таълим кунини Афғонистондаги ўқиш, таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум этилган барча қизлар ва аёлларга бағишламоқчи. Ташкилот инсон қадр-қиммати ва таълим олишнинг асосий ҳуқуқига қилинган бу жиддий ҳужумни қоралайди”, дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, 24 январь Халқаро таълим куни муносабати билан Нью-Йоркда Афғонистондаги инқироз – Афғонистонда қизлар ва аёлларнинг таълимдан маҳрум этилиши мавзусида панель муҳокамаси бўлиб ўтади.
“Дунёдаги ҳеч бир давлат аёллар ва қизларнинг таълим олишини тақиқламаслиги керак. Таълим инсоннинг универсал ҳуқуқи бўлиб, ҳурмат қилиниши керак. Халқаро ҳамжамият афғон қизлари ва аёллари ҳуқуқларини зудлик билан тиклашга масъулдир. Аёлларга қарши уруш тўхтатилиши керак”, дейди UNESCO Бош директори Одри Азуле.
Бироқ чет элда таҳсил олувчи афғонистонлик қизлар ташкилотдан бундан кўра кўпроқ чораларни кутмоқда.
“Бир кун етарли эмас. UNESCO Толибон ҳукумати билан музокаралар олиб боришга ҳаракат қилиши ва барча чекловларни олиб ташлаши керак”, дейди ҳамширалик йўналишида таҳсил олувчи Райҳона исмли қиз.
UNESCO маълумотларига кўра, 80 фоиз (2,5 миллион) афғон қизлари ва мактаб ёшидаги ёш аёллар муваққат ҳукумат амалдорларининг ўрта мактаблар ва университетларга киришига рухсат бермаслик тўғрисидаги қарори туфайли ҳозирда мактабга бормайди.
Афғонистондаги сиёсий ўзгаришлардан сўнг, ҳозирги Толибон ҳукумати 12 ёшдан ошган барча афғон қизлари учун бошланғич даражадан ташқари таълим олиш имкониятини номаълум муддатга тўхтатиб қўйди ва бу уларнинг таълим олишдаги асосий ҳуқуқларини бузди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг 21 декабрь куни “Толибон” мамлакат университетларидан талаба қизлар учун дарсларни кейинги огоҳлантиришгача тўхтатишни талаб қилгани, БМТнинг аёл вакилларини эса Афғонистонда маҳрамсиз юрмасликка чақиргани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси