Юн Сок Ёлга импичмент бўйича овоз бериш қачон ўтказилиши маълум бўлди
Олам
−
05 Декабрь 2024 3224 2 дақиқа
Жанубий Кореянинг парламентда кўпчилик ўринга эга “Тобуро” мухолиф демократик партияси Президент Юн Сок Ёлга импичмент эълон қилиш ташаббуси бўйича овоз беришни 7 декабрь куни ўтказмоқчи. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
“Импичмент бўйича овоз беришни 7 декабрь куни кечки соат 7 атрофида ўтказишга қарор қилинди”, дейилади хабарда.
Ҳужжат лойиҳаси 5 декабрь куни маҳаллий вақт билан ярим тундан кейин ялпи мажлисда муҳокамага тақдим этилгани сабабли овоз бериш 6 ёки 7 декабрда ўтказилиши кутилганди. Жанубий Корея қонунчилигига мувофиқ депутатлар импичмент масаласида овоз беришни ялпи мажлисдаги муҳокамадан кейин 72 соатдан кечиктирмай ўтказишлари керак. Агар ташаббус маъқулланса, масала Конституциявий судда кўриб чиқилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Президент Юн Сок Ёль Мудофаа вазири Ким Ён Хёнгнинг истеъфо аризасини қабул қилганди. Вазир 3 декабрь куни Президентга ҳарбий ҳолат эълон қилишни маслаҳат берган эди, лекин парламент овоз бериб, бу қарорни бекор қилди. Кейинчалик Президент ҳам парламентнинг қарорини қабул қилганди.
Мухолифат 4 декабрь куни парламентнинг тегишли қўмитасига Президент, Мудофаа вазири ва Ички ишлар ва Хавфсизлик вазирига нисбатан импичмент эълон қилиш таклифини киритган. “Тобуро” партияси Президентни давлатга хиёнат қилишда айблашга эришишини ваъда қилган.
Live
Барчаси