Юн Сок Ёль президентликдан бутунлай четлатилди
Олам
−
04 Апрель 4637 3 дақиқа
Жанубий Корея президенти импичменти Конституцион суд томонидан якуний тарзда тасдиқланди ва Юн Сок Ёль расман лавозимидан четлатилди. Бу ҳақда “Yonhap” хабар берди.
Жанубий Корея етакчиси Юн Сок Ёль томонидан мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилишга уриниш муваффақиятсиз якунланганидан тўрт ой ўтиб, Конституцион суд импичмент тўғрисидаги қарорни ўз кучида қолдирди ва давлат раҳбарини лавозимидан бутунлай четлатди.
Саккиз нафар судьядан иборат ҳайъат қарор чиқариш чоғида президент ўз қарори билан Конституция, қонун устуворлиги ҳамда демократия тамойилларини бузганини таъкидлади. Энди мамлакатда 60 кун ичида янги давлат раҳбари сайловлари бўлиб ўтиши керак.
Конституцион суд мажлиси олдидан Жанубий Корея полицияси Юн Сок Ёль тарафдорлари ва мухолифлари ўртасида тўқнашувларнинг олдини олиш учун барча ресурсларини сафарбар этганини маълум қилди. Шунингдек, Конституцион суд судьяларини қўшимча қўриқлаш чоралари кўрилган.
Шу тариқа, Юн Сок Ёль Жанубий Корея тарихида импичмент эълон қилинган ва лавозимидан четлатилган иккинчи президент бўлди. Бунгача 2016 йилда Конституцион суд Пак Кйн Хе импичментини ҳам тасдиқлаган эди. 2004 йилда эса парламент президент Но Му Хённи импичмент қилган, лекин Конституцион суд уни лавозимида қолдирган эди.
Энди нима бўлади?
Энди Жанубий Кореяда 60 кун ичида муддатидан аввалги президентлик сайловлари ўтказилиши керак. Сайловлар бўлиб ўтгунча Бош вазир Хан Док Су давлат раҳбари вазифасини бажаришда давом этади.
Жанубий Корея президенти фақат бир марта беш йиллик муддатга сайланади ва қайта сайланиш имконияти йўқ.
Президентликка асосий номзод сифатида “Демократик партия” етакчиси Ли Джэмён кўрилмоқда. У аввалги сайловда Юн Сок Ёлдан атиги 0,2 фоиз овоз фарқи билан мағлуб бўлган. RealMeter томонидан ўтказилган сўнгги сўров натижаларига кўра, Ли 49,5 фоиз овоз билан президентлик пойгасида етакчилик қилмоқда. Ҳукмрон “Халқ кучи” партиясидан асосий рақиб сифатида Меҳнат вазири Ким Мун Су тилга олинмоқда – у 16,3 фоиз овозга эга.
Шунингдек, президентлик учун Тегу шаҳри мэри Хон Чжун Пё (7,1 фоиз), собиқ адлия вазири Хан Дон Ҳун (6,7 фоиз) ва Сеул мери О Се Ҳун (4,8 фоиз) номзод сифатида тилга олинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг декабрь ойида Юн Сок Ёль мамлакатда ҳарбий ҳолат жорий қилишга уринган. Шундан сўнг, парламент уни қўзғолонга уринишда айблаб, импичмент эълон қилди.
Президент ўз вазифаларини бажаришдан четлатилди, бироқ уни лавозимидан бутунлай олиб ташлаш учун Конституцион суднинг қарори зарур эди. Шу вақтгача Юн Сок Ёль расман Жанубий Корея президенти сифатида қолаётган эди.
У қўзғолонга уриниш ҳақидаги айбловларни рад этиб, ўзининг қарорини “сиёсий жиҳатдан асосли” деб атаган ва у давлатни мухолифатдан ҳимоя қилиш учун қабул қилинганини таъкидлаган. Юннинг сўзларига кўра, мухолифат ҳукумат ишини фалаж қилган.