Метродан фойдаланиш тартиби белгиланди

Жамият

image

Пойтахт метрополитенида йўловчилар қандай ҳаракатланиши, мазкур ҳудудда нималарни олиб кириш тақиқланиши жорий йилнинг 10 октябрь куни қабул қилинган Вазирлар Маҳкамасининг “Метрополитенда йўловчилар ҳамда бошқа шахсларнинг бўлиши қоидалари” қарорида маълум қилинди. 

Унга кўра, метрополитен инфратузилмаси объектлар ва хавфсизлик ҳудудларида қуйидагилар тақиқланади:

  • ёнувчан, портловчи моддалардан ва босим остида ишловчи қурилмалардан фойдаланишни талаб этадиган барча фаолият турлари билан шуғулланиш ва шу билан боғлиқ кўнгилочар шохобчаларни қуриш ҳамда ташкил этиш;
  • метрополитен иншоотларидан, шу жумладан, ер усти шамоллатиш қурилмаларидан 25 метрдан кам масофада чиқиндиларни тўплаш, ёқиш ва гулханлар ташкил этиш;
  • газ ёқилғисида ҳаракатланувчи транспорт воситалари (автоматик ёнғин ўчириш тизими билан жиҳозланган, эстакада иншоотлари остидаги махсус очиқ автотураргоҳлар бундан мустасно) ва ёнувчи материаллар ортилган транспорт воситаларини эстакада иншоотлари остига (автотураргоҳларга) жойлаштириш.

Метрополитенда қуйидагиларга рухсат этилмайди, жумладан:

  • спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг аналогларини истеъмол қилиш ёки маст ҳолда кириш;
  • қиздириладиган тамаки, электрон сигареталар ва носвой чекиш;
  • метрополитен ҳудудида оёқ кийимсиз ва кийимсиз ҳолда бўлиш;
  • бекатга йўловчиларнинг кийими, метрополитен вагонлари, иншоотлари ва қурилмаларини кир қилиши мумкин бўлган юклар ва буюмлар, шунингдек, велосипед (йиғиладигандан ташқари), мопед, скутер ва бошқа ҳаракатланиш воситалари билан кириш;
  • бекат ҳудудида, вагонларда акробатик ва спорт машқларини бажариш, ҳар хил турдаги спорт тўпларини ўйнаш.

Қарорда фақатгина йўловчиларнинг мажбуриятлари эмас, балки ҳуқуқлари ҳам қайд этилган. Шу жумладан, метрополитен йўловчилари ўзлари билан биргаликда 7 ёшгача бўлган болаларини, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар аравачаларини, болалар велосипедларини, мусиқа асбобларини, шунингдек, ғилофга солинган ҳолда санчилувчи, кесувчи ва осон синувчи буюмлар, чана, чанғи ва балиқ ови учун қармоқларни бепул олиб юриш ҳуқуқига эга.

Ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун метрополитеннинг техник воситаларидан (лифтлар, ногиронлиги бўлган шахслар аравачасини кўтарувчи ёки туширувчи мосламалар ва бошқа жиҳозлар) фойдаланиш, заруратга кўра тегишли ходимлардан ёрдам олиш имкони мавжуд.

Шунингдек, бекатларни ҳаваскорлик фото ва видеотасвирга олиш ҳам мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

метрополитен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг