Йўловчи поездларининг чипта нархлари ошмоқда
Жамият
−
03 Октябрь 2023
7737Жорий йилнинг 20 октябридан бошлаб Ўзбекистонда маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездларининг чипта нархлари ошади. Бу ҳақда "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ маълум қилди.
Билдирилишича, ўша санадан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50% га, юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100 фоизига оширилади.
Нархларнинг қимматлаши қуйидаги сабаблар билан изоҳланган:
“Йўловчи поездлар чипта нархлари сўнгги марта 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи "Афросиёб" электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келмоқда. 2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида Республикамизда иш ҳақи миқдори 2,4 баробарга, электроэнергия ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошганлиги, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда”, дейилади расмий хабарда.
Шуни алоҳида айтиб ўтиш керакки, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ келтирган важларга мос равишда поездлардан фойдаланувчиларнинг ҳам эътирозлари йил сайин ортиб бормоқда.