Йўлларда махсус транспортлар учун алоҳида йўлак ажратилади
Жамият
−
05 Декабрь 2021
4636Ўзбекистон Президентининг “Ўзбекистон Республикаси жамоат хавфсизлиги концепциясини тасдиқлаш ва уни амалга ошириш чора тадбирлари тўғрисида”ги фармони билан 2022-2025 йилларда Ўзбекистонда жамоат хавфсизлиги тизимини ривожлантириш стратегияси тасдиқлангани ҳақида хабар берган эдик.
Стратегияда республикадаги автомобиль йўлларида жамоат ва махсус транспортлар учун алоҳида йўлак ҳамда замонавий велойўлаклар ташкил этиш белгиланди.
Шунингдек, ҳужжатда қуйидагилар назарда тутилган:
- транспорт воситалари ва пиёдаларни ҳаракатланишнинг тўхташ ва ҳаракатланиш тўғрисида хабардор қилиш учун замонавий сигнализация тизимларини жорий этиш, янги турдаги пиёдалар ўтиш жойларини ташкил этиш;
- шаҳар ва туманларнинг одамлар гавжум жойларида пиёдалар томонидан бошқариладиган светофорларни ўрнатиш;
- йирик бозорлар атрофида ушбу бозорлардан тушадиган даромадлар ҳисобига кўп қаватли ёки ерости автотураргоҳлар қуришни ташкил этиш;
- таълим муассасаларида “Йўл ҳаракати хавфсизлиги дарслари”, маҳаллаларда “Йўл ҳаракати хавфсизлигини ўрганиш платформалари”ни ташкил этиш;
- мактабгача таълим муассасаларида болаларга йўл ҳаракати хавфсизлиги асосларини ўргатиш тизимини жорий этиш, йўллар, чорраҳалар ва пиёдалар ўтиш жойларида ҳаракатланиш асослари бўйича амалий ва кўргазмали машғулотларни йўлга қўйиш.
Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари билан биргаликда 2022 йил 1 мартга қадар тасдиқланган меъёрларга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан камида биттадан туманлараро патруль-пост бўлинмалари ташкил этилиши белгиланган.