Юлдуз Усмонова ижросидаги қўшиқни айтган ёш хонанда жаримага тортилди
Маданият-санъат
−
18 Июль 81108 2 дақиқа
Ниҳол мукофоти совриндори, хонанда Гулжаҳон Холхўжаева қўшиқ куйлашда муаллиф рухсатини олмагани учун маъмурий жавобгарликка тортилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш жамоат бирлашмаси томонидан халқ орасида “Саломий” тахаллуси билан танилган шоир Абдусаид Абдусаломовга тегишли бўлган “Сенмидинг” номли шеър муаллифнинг рухсатисиз ижро этилгани юзасидан ҳуқуқий чора кўрилишини сўраб қилинган мурожаат вазирлик томонидан ўрганиб чиқилган.
Ўрганиш мобайнида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Юлдуз Усмонова ижросидаги “Сенмидинг” номли қўшиқ шеъри хонанда Гулжаҳон Холхўжаева томонидан муаллифнинг рухсатисиз фойдаланганлиги аниқланиб, ҳолат юзасидан унга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённомалар расмийлаштирилган ва тегишли судга юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг қарорига кўра, хонандага нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 177 прим 1-моддаси (муаллифлик ҳуқуқини ва турдош ҳуқуқларни бузиш)нинг 1-қисми билан жарима жазоси тайинланди.
Маълумот учун, қонунчиликка мувофиқ муаллиф ҳуқуқбузардан зарар қопланиши ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан 1000 бараваригача миқдорда товон тўлашини талаб қилишга ҳақли ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ хонанда Ботир Қодиров “Шамсиддин Садоий” тахаллуси билан танилган шоир Шамсиддин Тўраевнинг шеъридан рухсатсиз фойдалангани учун жаримага тортилди. Суд қарори билан хонандадан шоир фойдасига 112,5 млн сўм миқдорида товон пули ҳамда 20 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланган. Хонанда Жалолиддин Аҳмадалиевга муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жарима жазоси тайинланган.
Live
Барчаси