Йўл ҳаракати қоидаларига скутер ва электросамокатлар бўйича қўшимча киритилади
Жамият
−
10 Октябрь 2023
7689Йўл ҳаракати қоидаларига электрон скутерлар ва бошқа индивидуал ҳаракатланиш воситаларига оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бу бўйича ҳукуматнинг тегишли қонун лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
2024 йил 1 январдан бошлаб ДЙҲХХ органларида двигатели 25 ва ундан ортиқ куб.см иш ҳажмига эга бўлган ёки конструкциявий тезлиги соатига 25 ва ундан ортиқ километр бўлган автомототранспорт воситалари, электродвигателининг қуввати 0,25 кВт ва ундан ортиқ ёки соатига 25 километр ва ундан юқори тезликка эга бўлган электромобиллар (электромотоцикллар, электроскутерлар ва бошқалар), шунингдек, тиркама ва ярим тиркамалар давлат рўйхатидан ўтказилади. Давлат рўйхатидан ўтказиладиган транспорт воситаларини бошқариш фақат тегишли тоифадаги ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган шахсларга рухсат берилади.
Шунингдек, лойиҳа билан “скутер” ва “индивидуал ҳаракатланиш воситалари” тушунчаларига таъриф берилиб, уларнинг қайси тоифадаги транспорт воситаси турига киришига аниқлик киритилмоқда.
- гибрид автомобиль – ички ёнув двигатели ва ташқи электр манбаи орқали зарядланувчи электр мотори ёрдамида ҳаракатланувчи транспорт воситаси;
- скутер-конструктив тезлиги соатига 25 километрдан, двигателининг иш ҳажми 25 см3дан (ички ёнув двигатели бўлганда) юқори, шунингдек номинал (белгиланган) қуввати 0,25 киловаттдан ортиқ ва 4 киловаттдан кам бўлган электр двигателли механик транспорт воситаси;
- мопед – энг юқори конструктив тезлиги соатига 50 километрдан, иш ҳажми 50 см3 дан ошмайдиган ички ёнув двигателига эга бўлган транспорт воситаси. Худди шундай тавсифларга эга бўлган квадрицикл (квадроцикл), трицикл, ҳамда йўлнинг қатнов қисмида ҳаракатланишига мослаштирилган бошқа механик мосламалар ҳам мопедларга тенглаштирилади
- индивидуал ҳаракатланиш воситалари” (ИҲВ) – двигатель (двигателлар) (электросамокат, электр скейтбордлар, сегвейлар, уницикллар, моноғилдирак ва бошқа шунга ўхшаш воситалар) ёрдамида одамнинг индивидуал ҳаракатланиши учун мўлжалланган бир ёки бир нечта ғилдираклари (роликлари) бўлган транспорт воситаси.