Юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради
Жамият
−
28 Август 2023
12345Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларида юқори синфда ўқитиладиган фанлар 16 тадан 11 тага қисқаради. Бу ҳақда мамлакат Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан бугун, 28 август куни мактабларда таълим сифатини янада ошириш, ўқувчи ўрнини кўпайтириш ҳамда ўқитувчилар малакасини ошириш ва уларга муносиб шароит яратиш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, олийгоҳга киришга иштиёқи бор бўлган 10-11 синф ўқувчиларига “кимё – биология”, “математика – физика”, “математика – чет тили”, “она тили ва адабиёт – чет тили” фанлари уларнинг танлови асосида чуқурлаштириб ўқитилади.
Касб-ҳунар эгаси бўлиш истагидаги ўқувчиларга эса мактабнинг ўзида тайёр мутахассис бўлиб етишиб чиқиш имконияти яратилади.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигига сентябрдан бошлаб ушбу тажрибани салоҳияти ва тайёргарлиги бор 135 та мактабда йўлга қўйиш топширилди. Келгуси ўқув йилидан камида 1 мингта мактаб ушбу тизимга ўтказилади.
Дарсларнинг мазмуни ҳам ўзгариши таъкидланди. Бунда 1-синфдан компьютер саводхонлиги, юқори синфларда молиявий саводхонлик дарслари жорий этилади.
Шунингдек, бу йил мактаб дарсликларига бюджетдан 920 миллиард сўм ажратилган, бошланғич синфлар учун тўлиқ янги дарсликлар ишлаб чиқилган.
Бошланғич синфлар учун тайёрланган дарсликларнинг иккинчи қисмини ҳам тўлиқ ҳажмда чоп этишга топшириқ берилди.
Эндиликда ўқув дастурларига қўшимча янги фанларни киритиш тақиқланади. Барча янги таклифлар мавжуд фанларга интеграция қилиниб тайёрланади.
Шунингдек, барча фанларда миллий ғурур, ифтихор, умуминсоний қадриятларга ҳурмат, ватанпарварлик ғоялари тарғиб қилиниши шартлиги қайд этилди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь