ЙТҲда вафот этган суд раиси дам олиш куни мажлисга чақирилганмиди?
Жамият
−
12:18 6895 2 дақиқа
Аввалроқ, Жиноят ишлари бўйича Томди туман судининг раиси Азиза Мирзаева йўл-транспорт ҳодисасига учраб, вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Ҳуқуқ фаоли Абдураҳмон Ташанов унинг дам олиш кунига бўлишига қарамай мажлисга чақирилганини ёзди. Олий суд ҳолат юзасидан муносабат билдирди.
“Билишимизча, дам олиш куни бўлишига қарамай Олий суд раҳбарияти бутун судлов тизими учун мажлис ўтказган. Раҳбарият топшириғига кўра, шаҳар ва туман судлари раҳбарлари ўз кабинетларидан ВКС орқали иштирок этиши лозим эди”, деб ёзган Ташанов.
Олий суд муносабатида айтилишича, мазкур маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди. 2026 йил 15 август куни Олий суд томонидан ҳеч қандай мажлис белгиланмаган ва ўтказилмаган. Шунингдек, уларнинг дам олиш куни хизмат жойига келишини талаб қилувчи ҳеч қандай топшириқ берилмаган.
Билдирилишича, ҳодисанинг келиб чиқиш сабаблари ва бошқа ҳолатларига ҳуқуқий баҳо ваколатли органлар томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда берилади.
“Текширув якунланмасдан туриб марҳуманинг қаерга ва қандай мақсадда йўл олгани ёки ҳодиса сабаблари ҳақидаги тахминларни тасдиқланган факт сифатида тарқатиш ўринсиздир.
Бундай вазиятларда ахборот тарқатувчи ҳар бир шахс, энг аввало, инсонийлик, виждон, ҳамдардлик ва масъулият мезонларини унутмаслиги лозим”, дейилади Олий суд муносабатида.
Шунингдек, идора қонунчиликка мувофиқ ахборот тарқатувчи шахс тарқатаётган маълумотининг ҳаққонийлигини олдиндан текшириши шартлигини эслатиб ўтган.
“Олий суд оммавий ахборот воситалари, блогерлар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини марҳуманинг хотирасига ва унинг яқинлари қайғусига ҳурмат билан муносабатда бўлишга, фожиани ахборот манипуляцияси ёки шов-шув воситасига айлантирмасликка, текширилмаган маълумот ва асоссиз тахминларни тарқатмасликка чақиради”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси