Олти ойда транспорт хавфсизлиги қоидаларини бузган 500 дан ортиқ киши қамалди
3-саҳифа
−
22 Июль
2631Ўзбекистонда 2024 йилнинг 1-ярми давомида транспортдан фойдаланиш хавфсизлигини бузиш билан боғлиқ жиноят содир қилган 551 киши қамалди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг дастлабки олти ойида Жиноят кодексининг 266-моддаси (Транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) да назарда тутилган жиноятни содир этган 1601 нафар шахсга суд ҳукми ўқилган. Уларнинг 551 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 1050 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Таққослаш учун, 2023 йилда Жиноят кодексининг худди шу моддаси билан 3325 нафар шахс судланган бўлса, шундан 635 нафарига озодликдан маҳрум қилиш жазоси, 2690 нафарига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланган.
Маълумот учун, юқоридаги моддага кўра, транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, БҲМнинг 50 бараваригача миқдорда жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Ўша қилмиш одам ўлишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Шунингдек, ўша қилмиш одамлар ўлимига, ҳалокатга ҳамда бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилиши назарда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилнинг дастлабки 6 ойида 10 мингдан ортиқ шахс озодликдан маҳрум этилгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси