Европарламент раҳбари Киевга TAURUS ракеталарини етказиб беришга чақирди
Олам
−
23 Ноябрь
2923Европарламент Президенти Роберта Метсола Россиянинг Украинага ҳужумлари кучайиб бораётгани фонида Германиянинг TAURUS қанотли ракеталарини Украинага тез етказиб бериш кераклигини айтди. Бу ҳақда унинг бугун, 23 ноябрь куни чоп этилган “Funke” нашрларига берган интервьюсида келтирилган.
Метсола Европа Иттифоқи давлатлари АҚШ каби узоқ масофали ракеталарни Россиядаги нишонларга қарши қўллашга рухсат бериш тарафдори ёки йўқлиги ҳақидаги саволларга ижобий жавоб берган. Унинг таъкидлашича, Германия Украинага TAURUS ракеталарини етказиб бериши керак.
“Ҳа, бу Европарламентнинг позицияси, келинг, бу Бундестагга сайловлардан кейин тегишли ўзгаришларга олиб келадими, йўқми, кўрамиз”, деган Метсола.
Унинг сўзларига кўра, бундай ракурс ўзгариши, эҳтимол, олдинроқ содир бўлиши ҳам мумкин. Чунки Берлин коалициясида TAURUSни етказиб бериш бўйича турли позициялар мавжуд.
Бундан ташқари, Роберта Метсола украиналик аскарларга зудлик билан ёрдам кераклигини билдирган. Украина Президенти Владимир Зеленский Украинада ҳар куни урушда одамлар ҳалок бўлаётганини эслатган.
Канцлер Олаф Шольц узоқ вақтдан бери TAURUSни етказиб беришни рад этиб келмоқда. У Германия тўғридан-тўғри Россия ва Украина ўртасидаги урушга тортилиши мумкинлигидан қўрқади. Айни пайтда “Озод демократлар” ва “Яшиллар” Украинага бундай ракеталарни етказиб бериш тарафдори. Сўнгги кунларда АҚШ Президенти Жо Байден Украинага Россия ҳудудига чуқур зарба бериш учун 300 километргача масофага учадиган Америка ATACMS ракеталаридан фойдаланишга рухсат берганидан сўнг муҳокама яна кучайди. TAURUS 500 километр масофага эга.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина Мудофаа кучлари биринчи марта ATACMS баллистик ракеталари билан Россия ҳудудига ҳужум қилганди ва у нишонга муваффақиятли урилганди. Зарба Брянск вилоятининг Карачев шаҳри яқинидаги ҳарбий объектга берилганди. Шундан сўнг 21 ноябрь куни эрталаб Россия қўшинлари Украинага қитъалараро баллистик, аэробаллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум қилди.
LiveБарчаси