Европанинг янги сунъий йўлдоши Ернинг илк суратларини юборди

Олам

−

image

Европа космик агентлигининг Sentinel-3C сунъий йўлдоши орбитага чиқарилганидан икки ҳафта ўтиб, Ернинг илк суратлари ва ўлчов маълумотларини узатди. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.

Sentinel-3C – Европанинг Copernicus Ер кузатув дастури доирасидаги Sentinel-3 туркумига мансуб учинчи сунъий йўлдош. У океанлар, қуруқлик, музликлар ва атмосфера ҳолатини мунтазам кузатиш учун мўлжалланган.

Сунъий йўлдошнинг дастлабки тасвирлари океанлар ва қуруқлик рангини кузатувчи қурилма ёрдамида олинган. Суратларда Италиянинг жанубий Германиядан Сицилия ва Ўрта Ер денгизининг жанубий қисмигача бўлган ҳудуди, Канада Арктика архипелагининг бир қисми ҳамда Кариб денгизи акс этган.

Италия тасвирида По дарёси водийси, қор билан қопланган Альп тоғлари, Апеннин яримороли ва унинг атрофидаги денгизлар кўринади. Қуруқликдаги яшил ва жигарранг ранглар ўсимлик қоплами ҳамда ерлардан фойдаланишдаги фарқларни акс эттиради. Адриатика денгизининг айрим қирғоқбўйи ҳудудларида сувнинг оч кўк рангда кўриниши дарёлар орқали денгизга тушадиган чўкиндилар билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Канада Арктикаси тасвирида қор ва муз билан қопланган ороллар, чуқур фьордлар ҳамда очиқ сув юзасидаги муз парчалари кўзга ташланади. Мутахассислар Арктикадаги ўзгаришларни кузатишни муҳим деб ҳисоблайди, чунки минтақа Ернинг бошқа ҳудудларига қараганда тезроқ исимоқда. Бу эса қуруқликдаги музликлар ва денгиз музларининг эришини тезлаштирмоқда.

Кариб денгизи тасвирида Куба ва Багама ороллари кўрсатилган. Ороллар атрофидаги саёз сувлар ёрқин феруза рангда, чуқур денгиз ҳудудлари эса тўқ кўк рангда кўринади.

Sentinel-3 сунъий йўлдошлари океан юзасининг ҳарорати, ранги ва баландлигини, шунингдек, денгиз музларининг қалинлигини ўлчайди. Қуруқликда эса қурғоқчилик, ўрмон ёнғинлари, ўсимликлар ҳолати ва сув ҳавзаларидаги сатҳ ўзгаришларини кузатишда фойдаланилади. Олинган маълумотлар об-ҳаво прогнозларини тайёрлаш ва иқлим ўзгаришларини ўрганишга ҳам ёрдам беради.

Бундан ташқари, сунъий йўлдошдаги радар баландлик ўлчагичи денгиз сатҳининг ўзгаришини кузатиш имконини беради. Бу, айниқса, денгиз сатҳининг кўтарилиши хавфи остидаги ороллар ва қирғоқбўйи ҳудудлари учун муҳим.

Европа космик агентлиги Sentinel-3C сунъий йўлдошини тўлиқ ишлатишга тайёрлаш ишларини давом эттирмоқда. Бу жараён яна тахминан беш ой давом этиши кутилмоқда. Шунга қарамай, орбитага чиқарилганидан икки ҳафта ўтиб олинган дастлабки тасвирлар аппаратнинг ишлаши муваффақиятли бошланганини кўрсатмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Vantor компаниясининг сунъий йўлдоши Ердан қарийб 1,5 миллиард километр узоқликдаги Сатурн сайёрасини суратга олгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг