Ер орбитасидаги сунъий йўлдош Сатурнни суратга олди
Interesting
−
14:55 754 1 minute
Vantor компаниясининг сунъий йўлдоши Ердан қарийб 1,5 миллиард километр узоқликдаги Сатурн сайёрасини суратга олди. Бу ҳақда “Naked Science” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, аввал Maxar Intelligence номи билан танилган Vantor компанияси коинотдаги объектларни Ер орбитасидан туриб суратга олиш имкониятларини ривожлантирмоқда. Компания аввалроқ бошқа сунъий йўлдошларни ҳам орбитадан туриб тасвирга олишга муваффақ бўлган.
Жумладан, 2025 йил декабрь ойида WorldView-3 сунъий йўлдоши Ердан 240 километр масофада носоз ҳолатдаги Starlink аппаратини суратга олган. 2026 йил апрель ойида эса WorldView Legion 4 сунъий йўлдоши “Hubble” космик телескопини қарийб 61,8 километр масофадан тасвирга олган.
Компания маълумотига кўра, унинг еттита сунъий йўлдоши 200-1 000 километр баландликдаги орбиталарда жойлашган объектларни суратга олиш имкониятига эга. Тасвирларнинг энг юқори аниқлиги ҳар бир пикселга 2,5 сантиметргача етиши мумкин.
Сатурн тасвири эса компаниянинг коинотдаги объектларни кузатиш ва тасвирга олиш имкониятларини намойиш этувчи навбатдаги натижа бўлди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ немис олимлари Сатурннинг Энцелад йўлдошидаги муз ости океанида айрим микроорганизмлар яшаши мумкинлигини лаборатория тажрибасида кўрсатгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All