Европада Россиянинг тўртта нашри тақиққа учради
Олам
−
18 Май
4196Европа Иттифоқи кеча, 17 май куни Россия билан боғлиқ тўртта оммавий ахборот воситаларининг ЕИ бўйлаб тарқатилишини тўхтатиб қўйди. Бу ҳақда Европа кенгаши баёнот берди.
Ҳужжатга кўра, тақиқ “Европа Овози”, “РИА Новости” ахборот агентлиги, “Известия” ва “Российская газета” газеталарига Россиянинг Украинага қарши босқинчилик урушини қўзғатиш ва қўллаб-қувватлашда муҳим роль ўйнаганлиги” сабабли амал қилади.
Бу чора Россиянинг 2022 йилда Украинага кенг кўламли бостириб кириши муносабати билан режалаштирилган 14-санкция пакетининг бир қисмидир. Илгари блок Россиянинг “Russia Today” ва “Спутник” давлат оммавий ахборот воситаларига қарши санкциялар киритган эди.
Европа Иттифоқи шу ҳафта бошида бундай ҳаракатни режалаштираётганини билдирган. Шундан сўнг Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова бундай ҳаракатга Москва яшин тезлигида ва “ғарбликлар учун жуда оғриқли” жавоб беришини билдирди.
Россия Журналистлар уюшмаси халқаро бўлими бошлиғи Тимур Шофир “Известия” нашрига берган интервьюсида Европа Иттифоқи томонидан киритилган тақиқни “қонунсиз” деб атади ва бу масалани суд ҳал қилиши кераклигини айтди. Унинг сўзларига кўра, бу тақиқ бир вақтлар Совет Иттифоқи назорати остида бўлган Европанинг айрим ҳудудларидаги русийзабон одамларнинг жаҳон воқеалари ҳақидаги “муқобил маълумотлар”га киришига тўсқинлик қилади.
LiveБарчаси