Европа учлиги Эронга таҳдид қилди

Олам

image

Буюк Британия, Германия ва Франция Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришга хат ёзиб, агар Теҳрон ядро дастури бўйича музокараларни давом эттирмаса, Эронга қарши санкцияларни тиклашга тайёр эканини билдирди. Бу ҳақда бугун, 13 август куни “Financial Times” нашри хабар берди.

Мактубни Германия Ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефуль, Франция Ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Баррот ва Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Лэмми имзолади. Вазирлар, агар Эрон музокараларга қайтишдан бош тортса, “тезкор” санкциялар қўлланилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Улар, шунингдек, Теҳронга август ойи охирида автоматик равишда санкцияларни қайта жорий қилмаслик учун муҳлат беришни таклиф қилди.

“Агар Эрон 2025 йил август ойи охиригача дипломатик ечимга эришмоқчи бўлмаса ёки узайтириш вариантидан фойдаланмаса, E3 мамлакатлари орқага қайтариш механизмини фаоллаштиришга тайёрлигини аниқ айтдик”, дейилади мактубда.

E3 июль ойида Эронга санкцияларни қайтариш билан таҳдид қилган эди. Шундан сўнг Теҳрон Исроил ва АҚШ зарбаларидан сўнг Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) билан ҳамкорликни тўхтатганини эълон қилди. Кейинроқ Эрон Буюк Британия, Германия ва Франция билан ядро дастури бўйича музокараларни қайта бошлаш бўйича принципиал келишувга эришди. Улар июль ойининг охирида Туркияда бўлиб ўтди.

Музокараларда E3 давлатлари Эронга агар Теҳрон АҚШ билан музокаралар ва МАГАТЭ билан ҳамкорликни сентябргача давом эттиришга рози бўлса, санкциялар қўллашни кечиктиришлари мумкинлигини айтди.

Ғарб дипломатига кўра, музокаралар “қийин” бўлган. Энди E3 уларнинг таклифи “Эрон томонидан жавобсиз қолганини” эълон қилди.

Туркиядаги музокаралардан сўнг Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Европа давлатларининг санкцияларни қайта қўллаш учун “ҳеч қандай қонуний ва маънавий асосга эга эмаслигини” айтди ва Эрон бу жараённи давом эттирса, европаликларни бўлажак ядровий музокаралардан четлаштириши ҳақида огоҳлантирди.

“Ҳозир европаликлар билан музокара қилишдан маъно йўқ, чунки улар санкцияларни бекор қила олмайди, ҳеч нарса қила олмайди. Агар эски чораларга қайтса, бу уларнинг охири дегани бўлади”, дейди Ароқчи.

Аммо Теҳрон Трамп маъмурияти билан музокаралар учун очиқлигини айтди. Бироқ Исроил ҳужумидан кейин Эроннинг позицияси қаттиқлашди. Ароқчининг таъкидлашича, Эрон АҚШдан бўлажак музокараларда ҳужумга учрамаслигига кафолат беришини ва “ишончни мустаҳкамлаш чоралари”ни, шу жумладан АҚШнинг Эронга уруш оқибатида етказган зарарни қоплашга рози бўлишини истайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Германия Франция Эрон Буюк Британия

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг