Европа Россия раҳбарларини суд қилмоқчи
Олам
−
10 Май 7591 2 дақиқа
Украинага қарши тажовузга ёрдам берган кўплаб раҳбарлар умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Бу ҳақда кеча, 9 май куни Украинанинг Львов шаҳрида Европа вазирлари томонидан имзоланаган Украинага қарши жиноят бўйича махсус трибунал ташкил этиш тўғрисидаги декларацияда сўз боради.
Маълум қилинишича, ушбу таъқибларнинг катта қисми Россия раҳбарларига қаратилган. Европа Иттифоқнинг 27 аъзо давлатидан 20 таси Россиянинг сиёсий ва ҳарбий раҳбариятини жавобгарликка тортиш учун махсус халқаро трибунал ташкил этилиши ғоясини маъқуллаган.
Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Калласнинг сўзларига кўра, ушбу трибунал 20–30 нафар юқори мартабали шахсни жавобгарликка тортишни назарда тутади. Суд жараёнлари юзма-юз ёки сиртдан бўлиб ўтади.
“Бугун биз Украинага қарши тажовузда айбдор шахсларни жавобгарликка тортиш учун махсус суд тузишга келишиб, адолат йўлида қатъий қадам қўймоқдамиз”, деган Каллас.
Шунингдек, Каллас бу ташаббусга нафақат Европа ва ҳатто АҚШ ҳам қўшилганини айтган.
“АҚШ 2,5 йил давомида ушбу суднинг яратилишига ўз ҳиссасини қўшди. Улар бу ташаббус ва асосий гуруҳнинг бир қисми эди. Бунинг учун улардан жуда миннатдормиз. Ҳозирча улар суд ишида иштирок этишмаяпти, лекин эртами-кечми улар судга қўшилишади”, деган Европа вакили.
Сиёсатчининг айтишича, тергов аллақачон олиб борилмоқда.
“Тергов давом этмоқда. Мен бу ерда иккита таркибий қисм борлигини таъкидламоқчиман. Бири – ҳужжатлаштирилган ҳарбий жиноятлар, иккинчиси – тажовузкорлик жинояти. Биз бу масала бўйича махсус суд ҳақида гапиряпмиз. тажовузкорлик жинояти раҳбарликка тегишлидир”, дея қўшимча қилган Каллас.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британия ҳукумати Россия Президенти Владимир Путинга босимни кучайтириш ва Европа ҳамда Британиянинг ҳаётий муҳим инфратузилмасини ҳимоя қилишга қаратилган тарихдаги “энг кенг кўламли” санкциялар пакетини эълон қилган эди.
Live
Барчаси