Европа Россия билан урушга бардош бера олмайди – ОАВ
Олам
−
05 сентябр 2085 2 дақиқа
НАТО билан ишлайдиган ҳарбий режалаштирувчилар Европа ҳозирги вақтда Россия билан узоқ давом этадиган тинкани қуритадиган урушга бардош беришга қодир эмас, деб ҳисобламоқда. Бу ҳақда жорий ҳафтада Европадаги ҳарбий координациянинг келажагига бағишланган конференцияда сўз юритилди.
Режалаштирувчиларнинг фикрича, Европа жамияти узоқ муддатли ҳарбий қарама-қаршиликни қўллаб-қувватлашга тайёр бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, НАТО нисбатан қисқа муддатли низо сценарийсига тайёрланиши зарур. АҚШнинг Европа мудофааси соҳасидаги мажбуриятларини қисқартиришга тайёргарлиги ва Европадаги энг йирик ҳарбий давлатларда популистик кучларни қўллаб-қувватлаш ортиб бораётгани фонида хавотирлар янада кучаймоқда.
Нашрнинг ёзишича, Буюк Британия кабинетининг яқинда тайинланган аъзоларидан бири Ғарб аҳолига Россия билан гибрид қарама-қаршиликнинг кўламини ёмон тушунтирганини тан олган. Бошқа бир британ дипломати ҳам унинг фикрига қўшилиб, Буюк Британиянинг кетма-кет алмашган бош вазирлари хавф кўламини жамиятга етказа олмаганини таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, энди ҳукуматлар мудофаа харажатларини ошириш учун тайёргарликка эга бўлмаган сайловчиларни ижтимоий харажатларни қисқартиришга ишонтиришларига тўғри келмоқда.
“Муҳокама даражасини боғча ёшидаги болалар суҳбатига қиёслаш мумкин”, дейди дипломат.
Конференцияда, шунингдек, Россия сиёсий ва ижтимоий қарама-қаршиликлардан фойдаланган ҳолда Европа билан гибрид қарама-қаршиликда ғалаба қозониши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ҳам муҳокама қилинган. Дипломатлардан бирининг сўзларига кўра, Совуқ уруш тугаганидан кейин Москва Европа жамиятининг “ҳам сўл, ҳам ўнг” қанотидаги хавотирларини ўз манфаати йўлида ишлатиш имкониятига эга бўлган. Бу келаси йили Польша, Франция ва Италияда бўлиб ўтадиган сайловларда ўнг-популистик кучларнинг янада ўсишига хизмат қилиши мумкин. Популистик партияларнинг аксарияти, жумладан, Германиянинг “Германия учун муқобил” (AfD) партияси Россияга хайрихоҳлик билдиради.
Ушбу фонда Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) доирасида Европанинг бешта етакчи ҳарбий давлатининг янада яқинроқ координацияси ғояси илгари сурилмоқда. “Е5” гуруҳи аллақачон мунтазам равишда йиғилиб, ҳозирда асосан АҚШ томонидан тақдим этиладиган интеграциялашган ҳаво ҳужумидан мудофаа ва ракетага қарши мудофаа тизимлари, узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги қуроллар ҳамда барвақт огоҳлантирувчи космик тизимларни биргаликда харид қилишни муҳокама қилмоқда. MSC раиси Вольфганг Ишингер Европа мудофаа соҳасида янада жипслашишни талаб қиладиган “улкан ва экзистенциал таҳдидларга” дуч келаётганини маълум қилган.