Европа никотин домидан чиқолмаяпти – ЖССТ
Олам
−
26 Февраль 1706 2 дақиқа
Европа ва Марказий Осиёдаги 53 давлат 2030 йилга бориб ҳам дунёда тамаки маҳсулотлари энг кўп истеъмол қилинадиган минтақа бўлиб қолиши мумкин. Умумий кўрсаткичлар пасаяётганига қарамай, электрон сигареталар ва никотин маҳсулотлари ёшлар орасида янги тўлқинни шакллантирмоқда. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ҳисоботига таяниб, “Euronews” хабар берди.
Манбага кўра, 2024 йилда минтақада 173 миллион киши тамаки истеъмол қилган. Ҳар йили 1,1 миллиондан ортиқ ўлим никотин билан боғлиқ юқумли бўлмаган касалликлар ҳиссасига тўғри келади. 13–15 ёшли қарийб тўрт миллион ўсмир турли тамаки маҳсулотларидан фойдаланмоқда, электрон сигарета истеъмоли эса шу ёш тоифасида 14,3 фоизга етган.
Ҳисоботда қайд этилишича, аёллар орасидаги ҳолат айниқса ташвишли: дунёдаги катта ёшли аёлларнинг 40 фоиздан зиёди айнан Европа ҳудудига тўғри келади. Минтақа 2025 йилга қадар аёллар ўртасида тамаки истеъмолини 30 фоизга қисқартириш мақсадига эриша олмаган, 2010 йилдан бери пасайиш атиги 12 фоизни ташкил этган.
Мутаҳассислар ёшларни никотин қарамлигидан ҳимоя қилиш ва соғлиқ сиёсатига саноат аралашувини чеклаш зарурлигини айтмоқда. Шунингдек, Бельгия, Дания ва Нидерландия каби давлатлар янги маҳсулотларни тартибга солиш, таъм берувчи қўшимчаларни тақиқлаш ва рекламага чеклов жорий этиш орқали ижобий намуна кўрсатаётганини таъкидланган. Ҳозирча 53 давлатдан фақат 18 тасида барча жамоат жойларини қамраб олган тўлиқ чекиш тақиқлари амал қилади. Европа Иттифоқида тамакига солиқ қоидаларини янгилаш бўйича музокаралар давом этмоқда, аммо ставкаларни ошириш таклифига айрим аъзо давлатлар қаршилик билдирмоқда.
Live
Барчаси