Европа Иттифоқи Украинага ёрдамни чекламоқда
Олам
−
29 Июль 6641 2 дақиқа
Жорий йилнинг 24 июль куни Европа Иттифоқи вакиллари Украина ҳукуматига молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйганини маълум қилди. Бу ҳақда Украина ҳукумати ва парламентидаги тўртта манбага таяниб, “Экономична Правда” газетаси хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бундай қарор ЕИ томонидан Украина Президенти Владимир Зеленский илгари киритган, Миллий коррупцияга қарши бюро (NABU) ва Махсус коррупцияга қарши прокуратура (SAP) фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳаси билан боғлиқ.
Газетага кўра, бунга Европа Иттифоқи талабларининг бажарилмаслиги ҳам сабаб бўлган. Парламентнинг солиқ қўмитаси раҳбари ўринбосари Ярослав Железнякнинг маълум қилишича, апрель–июнь ойларида ЕИ қўйган 11 мажбурий шартнинг атиги 5 таси бажарилган.
Гап ERA Loans (музлатилган россиялик активлар гарови остидаги кредит) дастури бўйича 17,2 млрд евро ҳамда Ukraine Facility дастури бўйича яна 12,5 млрд евро ҳақида кетмоқда. Украина ушбу маблағларни йил охиригача олиши керак эди, аммо тахминан 18 млрд евро ҳисоб рақамларига тушмаган. Манбанинг ҳисоблашича, 2025–2026 йилларда мамлакат қарийб 60 млрд доллар хорижий ёрдамдан маҳрум бўлиши мумкин.
Нашрга кўра, ёрдамнинг қайта тикланиши фақат NABU ва SAP мустақиллигининг қайта таъминланиши билан мумкин. 22 июль куни Владимир Зеленский SAP’ни мустақилликдан маҳрум қилиб, уни бош прокурорга бўйсундиришни кўзда тутувчи қонунни имзолади. Бу қарор бутун мамлакат бўйлаб норозиликларга сабаб бўлди. Икки кундан сўнг Президент парламентга янги қонун лойиҳасини киритди. У коррупцияга қарши органларнинг ваколатларини кучайтиришни назарда тутади. Ушбу лойиҳа 31 июль куни Олий Радада бирданига икки ўқишда кўриб чиқилиши режалаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия Бош вазири Виктор Орбан Украинага Европа Иттифоқига аъзо бўлиш ўрнига, Россия ва ЕИ ўртасидаги буфер давлатга айланишни таклиф қилганди.