Европа Иттифоқи Исроилга ҳужуми учун Эронни жазоламоқчи
Олам
−
18 Апрель
3671Европа Иттифоқи давлат ва ҳукумат раҳбарлари Брюсселдаги саммитда Исроилга ҳужуми учун Эронга қарши санкцияларни кенгайтиришга келишиб олди. Бу ҳақда саммит якунлари бўйича қабул қилинган баёнотда айтилади.
“Биз Эронга қарши қўшимча санкциялар жорий этишга қарор қилдик, бу биз юбормоқчи бўлган аниқ сигналдир”, дейди Европа кенгаши президенти Шарль Мишель.
Унинг таъкидлашича, Эрон халқаро изоляцияга тушиб қолиши керак.
“Европа Кенгаши Эроннинг Исроилга ҳужумини қатъий ва сўзсиз қоралайди ва Исроил халқи билан тўлиқ бирдамлигини ҳамда Исроилнинг минтақадаги хавфсизлиги ва барқарорлигига содиқлигини тасдиқлайди”, дейилади ЕИ давлатлари қабул қилган баёнотда.
Ҳужжатдан келиб чиққан ҳолда, чеклов чоралари дрон ва ракеталарга ҳам тегишли бўлади.
Мишель ҳали янги санкциялар тафсилотларини тўлиқ очиқламаган.
“Европа Кенгаши Эрон ва унинг ишончли томонларини ҳар қандай ҳужумларни тўхтатишга чақиради, шунингдек, барча томонларни максимал даражада вазминликка ва минтақадаги кескинликни кучайтирувчи ҳар қандай ҳаракатлардан тийилишга чақиради”, дейилади якуний баёнотда.
Эрон ва Исроил зиддиятининг кескинлашуви
Жорий йилнинг 1 апрель куни Исроил Дамашқдаги Эрон консуллиги биносига ҳаво ҳужуми уюштирди. Ҳужум оқибатида Эрон инқилоби қўриқчилари корпусининг 7 нафар аъзоси ҳалок бўлди, улардан икки нафари генерал даражасида эди.
Эрон Исроилнинг консулликка ҳужуми ўз ҳудудига қилинган ҳужум эканини ва у ўч олишини айтди.
Исроил ҳам Эрон ҳужумларига жавоб беришини эълон қилди.
14 апрелга ўтар кечаси Эрон Исроилга юзлаб камикадзе дронлари, баллистик ва қанотли ракеталар билан ҳужум уюштирди ва баъзи ҳарбий нишонларга зарба берилганини айтди.
Исроил ҳужумларнинг аксарияти ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари томонидан тўхтатилганини билдирди, бироқ битта ракета мамлакат жанубидаги ҳарбий базага тегди.