Европа фақат хомашёни олиб кетишни мақсад қилмаган – Фон дер Ляйен

Жамият

image
Мирзиёев Самарқанд саммитидан нималар кутаётганини айтди north_east

Мирзиёев Самарқанд саммитидан нималар кутаётганини айтди

3-4 апрель кунлари Самарқандда бўлиб ўтадиган “Марказий Осиё – Европа Иттифоқи” саммитида Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси – “Global Gateway” муҳокама марказида бўлади. Бу ҳақда Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ЎзА'га берган интервьюсида маълум қилди.

“Европа Иттифоқининг инвестиция стратегияси – “Global Gateway” муҳокама марказида бўлади, чунки ҳамкорликдан барчамиз манфаатдормиз.

Саммитда мен Марказий Осиё учун “Team Europe” ташаббуси доирасидаги инвестиция пакетини эълон қиламан. Ушбу муҳим ҳужжат тўрт асосий йўналишга қаратилган. Транспорт, ўта муҳим хом ашё ресурслари, рақамли тармоқ, сув ва энергия транспорти боғлиқлигини ривожлантириш борасида биз аллақачон яхши натижаларга эришяпмиз”, деди Урсула фон дер Ляйен.

Унинг айтишича, 2024 йил ўтказилган Инвесторлар форумида ЕИ ва халқаро ҳамкорлар Каспий денгизи орқали ўтадиган транспорт йўлаги учун 10 миллиард евро ажратишга ваъда берган. Бу йил Европа Иттифоқи – Марказий Осиё иқтисодий форуми билан бир вақтда иккинчи Инвесторлар форумини ўтказиб, эришилган ютуқларни сарҳисоб қилинади.

Шунингдек, ўта муҳим хомашё ресурслари бўйича ҳамкорликни кенгайтириш ва аниқ инвестицияларни жалб қилиш режалаштирилган. Айни йўналишда Марказий Осиёда маҳаллий саноатни ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ва минтақада иқтисодий тараққиётни рағбатлантиришни мақсад қилинган.

Урсула фон дер Ляйен Марказий Осиё ва Европа савдо, транспорт боғлиқлиги, энергия, сув хавфсизлиги, иқлимга мослашиш, рақамлаштириш ва таълим соҳаларида кенг қамровли ва фаол ҳамкорликка эга эканини билдирди. Охирги 10 йил ичида “Erasmus+” дастури доирасида 10 000 талаба ва мутахассис Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги алмашинувда қатнашганини қўшимча қилди.

“Энди “яшил” ва рақамли ўзгаришлар ҳамкорлигимиз марказида турибди. Марказий Осиё тоза технологиялар учун энг зарур хом ашё ресурсларига, улкан салоҳиятга эга. Европа фақат хомашёни олиб кетиш эмас, балки тўлиқ қиймат занжирини яратиш, яъни қазиб олишдан қайта ишлаш ва қайта тиклашгача бўлган жараённи шакллантиришни мақсад қилади. Бу эса маҳаллий иш ўринлари яратиш, юқори экологик ва ижтимоий стандартни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади”, дейди Еврокомиссия раиси.

Шунингдек, у хавфсизлик ҳам устувор масалалардан бири эканини, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё терроризмга қарши курашда ҳамкорликни чуқурлаштириши, хавфсизлик бўйича махсус мулоқотни йўлга қўйишини маълум қилди.

Бундан ташқари, фон дер Ляйен янги “Миграция ва бошпана бўйича пакт” доирасида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.

“Миграция муаммосини ҳал қилиш мақсадида биргаликда барча турдаги ноқонуний фаолият, жумладан муҳожирларнинг ноқонуний олиб ўтилишига қарши курашмоқдамиз. Бу ноқонуний миграциянинг асосий омили бўлиб, ҳар йили минглаб инсонлар ҳаётига зомин бўлмоқда. Шу билан бирга ЕИга малакали мутахассислар учун қонуний йўллар очишни рағбатлантиряпмиз.

Миграция – глобал муаммо. Европа ва Марказий Осиё ҳамкорлари ўхшаш қийинчиликларга дуч келмоқда. Шунинг учун ҳам бу йўналишдаги саъй-ҳаракатлар ўзаро манфаатли”, деди у.

Қайд этилишича, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта билан бирга Ўзбекистон маданий меросининг абадий рамзлари ҳисобланган Улуғбек расадхонаси, Амир Темур мақбараси ва Регистон майдонини зиёрат қилади.

Маълумот учун, Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги илк саммит 3-4 апрель кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтади. Учрашувга Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислик қилади ва унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон етакчилари иштирок этади. 4-5 апрель кунлари эса “Silk Road Samarkand” конгресс марказида биринчи Самарқанд иқлим форуми бўлиб ўтади. Форумда Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон раҳбарлари, шунингдек, Европа Иттифоқи, БМТ, халқаро молия институтлари ва етакчи экология ташкилотлари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 2 апрель куни мазкур саммитда қатнашиш учун Европа Кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа Комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб борганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Самарқанд Марказий Осиё – Европа Иттифоқи Урсула фон дер Ляйен Самарқанд саммити

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг