Европа Эронга қарши санкциялар қўллашга тайёр – Каллас (видео)
Олам
−
23 Июнь 2025 5416 2 дақиқа
Европа Иттифоқи Эроннинг ядровий дастури бўйича муаммо ҳал этилмаса, унга қарши аввалги санкцияларни қайта тиклаши мумкин. Бу ҳақда Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Кая Каллас расмий баёнот берди.
“Бизда Эрон ядровий битими доирасида амал қиладиган мажбуриятлар бор. Агар вазиятда ижобий силжиш бўлмаса, санкцияларни тезкор тартибда тиклаш механизми мавжуд. Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак деган фикрда бирлашганмиз ва бу йўлда ҳаракат қилишимиз керак”, деган Каллас.
Унинг таъкидлашича, Эрон иқтисодиёти ҳозирда оғир аҳволда, бу эса мамлакат фуқаролари учун янада салбий оқибатларга олиб келмоқда. Шу сабабли Европа Иттифоқи Теҳронни ядровий фаолиятни қайта бошламасликка ундаш мақсадида дипломатик ва иқтисодий босимни давом эттирмоқда.
Маълумот учун, 2015 йил Эрон ва “олтилик” (Буюк Британия, Германия, Хитой, Россия, АҚШ, Франция) ўртасида имзоланган ядровий битим Эрон ядро дастурини чеклаш эвазига халқаро санкцияларни олиб ташлашни кўзда тутган.
2018 йилда АҚШ (Трамп даврида) ушбу битимдан чиқди, шундан сўнг Эрон ҳам босқичма-босқич ўз мажбуриятларидан воз кеча бошлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Женевага етиб боргани ҳамда у ерда Германия, Франция ва Буюк Британиядаги мавқедошлари билан Эрон ядро дастури бўйича музокаралар ўтказгани ҳақида хабар берилганди. Учрашувда Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас ҳам иштирок этган.
Live
Барчаси