Еврокомиссия раҳбари Украина импортига қўйилган тақиққа чора топди
Олам
−
19 Апрель 2023
7745Еврокомиссия раҳбари бозорлари Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари оқимидан зарар кўрган Европа Иттифоқининг бешта давлатига вазиятни яхшилаш учун ечимлар таклиф қилди. Бу ҳақда бугун, 19 апрель куни Еврокомиссия расмий вакили Дана Спинант Брюсселдаги брифингда маълум қилди
Унинг айтишича, Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен Польша, Руминия, Болгария, Словакия ва Венгрия ҳукуматларига Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан боғлиқ мавжуд вазиятдан чиқиш йўли бўйича таклифлар ёзилган хат юборган. Фон дер Ляйен ўз мурожаатида мамлакатларнинг Европа Иттифоқи бозорларига айрим турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импорти кўпайишидан қўрқишидан тўлиқ хабардор эканини таъкидлаган. Урсула фон дер Ляйенга кўра, бу муаммоларни ҳал қилиш учун ягона бозор ва Европа божхона иттифоқини ҳисобга олган ҳолда умумевропа ёндашувини шакллантириш зарур.
Европа Комиссиясининг таклифи уч қисмдан иборат. Биринчиси, беш мамлакатдаги фермерларни қўллаб-қувватлаш учун 100 миллион евро миқдоридаги янги молиявий ёрдам пакети. Иккинчиси, дон, буғдой, маккажўхори, кунгабоқар ва колза учун Европа Иттифоқи савдо қоидаларига мувофиқ профилактика чоралари. Учинчиси, Еврокомиссиянинг Украинадан Европа Иттифоқи бозорига кирадиган бошқа маҳсулотларга нисбатан тергови.
“Бир томондан, биз Украина экспортини, шу жумладан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қўллаб-қувватлашга интиламиз, чунки бу Украина иқтисодиёти учун ҳаёт йўли, биз ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини озиқ-овқат хавфсизлиги муаммоларини ҳал қилиш учун зарур бўлган жаҳон бозорларига олиб чиқишга интиламиз. Бошқа томондан, биз фермерларимизни қўллаб-қувватлашга тўлиқ содиқмиз”, дейди Дана Спинант.
Эслатиб ўтамиз, бозорнинг Украина қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари билан тўлдирилиши оқибатида маҳаллий фермерларнинг зарар кўргани сабабли Польша, Венгрия, Словакия ва Болгария Украинадан дон ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларини импорт қилишни тақиқлаганди. Европа Иттифоқи эса мазкур ҳаракатлардан норози бўлган, шунинг учун ушбу ҳафта ичида ЕИга аъзо давлатларнинг Брюсселдаги элчилари ушбу масалани муҳокама қилиши айтилганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь