Ёшларнинг рақамли портрети: Президент фармони билан қандай янгиликлар жорий этилмоқда?
Жамият
−
11 Сентябрь 2025 1580 4 дақиқа
Статистик маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 14-30 ёш оралиғидаги аҳоли сони қарийб 10 миллионни ташкил қилади. Уларнинг ҳар бири – мамлакатнинг келажакдаги имкониятидир.
Афсуски, баъзан бу имкониятларнинг маълум қисми эътибордан четда қолиб кетади. Кимдир ишсизликдан қийналиб миграцияга кетади, кимдир таълимдан узилиб қолади, яна кимдир турмуш қийинчиликларидан руҳдан тушади. Бу жараён кўпинча жамият кўзидан пинҳон ўтарди.
Чунки аниқ маълумотларга асосланган ҳаққоний картинани билиш мушкул. Ким ишсиз, ким имтиёзга муҳтожу, лекин ололмаяпти, ким эса аксинча, фақат имтиёз билан яшашга ўрганиб олган. Иқтидорли ёшларга барча имкониятлар етиб боряптими, ҳуқуқбузарликка мойиллиги бор ёшларни вақтида аниқлаб, бу йўлдан қайтаришга ҳаракат қилиндими – бу каби саволларга асослантирилган аниқ жавобларни фақат рақамлар ва аниқ маълумотлар орқали олиш мумкин.
“Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизими самарадорлигини оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент Фармони айнан шу саволларнинг жавобини топишга қаратилган механизмларни аниқ белгилаб бермоқда.
Фармондаги энг катта янгиликлардан бири – “Ёшлар ягона электрон платформаси”нинг ташкил этилиши. Бу ташаббус орқали давлат биринчи бор 30 ёшгача бўлган ҳар бир ёшнинг ҳаётини тўлиқ “рақамли портрет”да кўриш имкониятига эга бўлади.
Бу тарихий қадам. Чунки аввал ёшлар ҳақида гап кетганда, “умумий тасаввур”лар билан чекланиларди. Энди эса, уларнинг ҳар бир орзуси ва муаммоси факт ва рақамларда намоён бўлади.
Ёшларни сарсон қилмайдиган тизим
Президентнинг ёшлар билан мулоқотида айтилган гаплар ушбу Фармонда ўзининг ҳуқуқий ечимини топди.
2025 йил 30 июнь куни Президентнинг ёшлар билан мулоқоти бутун мамлакатда катта резонанс уйғотди. Чунки биринчи марта давлат раҳбари ёшларнинг муаммосини идоралар ўртасида айлантирмасдан, маҳалла даражасида ҳал қилиш зарурлигини очиқ айтди.
Янги фармон мана шу мулоқотнинг ҳуқуқий ифодасига айланди. Энди мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари, синф раҳбари, психолог, маҳалла раиси ва ёшлар етакчиси — бир занжирда ишлайди. Масалан, дарс қолдирган ўқувчи ёки битирувчи синфдаги қизиқишлари номаълум йигит энди “йўқолиб кетмайди”. Унинг рўйхати тузилади, қизиқиши қайд этилади, ва ёшлар етакчиси унинг йўлини топиши учун масъул бўлади.
Ҳоким ёрдамчилари эса ўқувчиларнинг касбга қизиқишини амалий ҳаёт билан уйғунлаштириб, уларни маҳалладаёқ корхоналарга йўналтиради. Бир сўз билан айтганда, ёшнинг орзуси қоғозда эмас, ҳаётда қўллаб-қувватланади.
Бу тизимнинг аҳамияти шунда: аввал ёшларнинг муаммоси “мактабнинг иши”, “оила муаммоси”, “давлатнинг вазифаси” деган баҳоналарда йўқолиб кетарди. Энди эса, ёшлар эътибор марказида турибди. Уларнинг муаммоси маҳалла учун ҳам, давлат учун ҳам умумий масъулиятга айланмоқда.
Савол туғилади: агар маҳалладан бошланган бу тизим ҳақиқатан ишласа, жамиятнинг маънавий муҳити ўзгармайдими? Ёшлар паноҳ топса, уларнинг орқасидан бутун жамият ҳам тетиклашмайдими?
Албатта, шундай бўлади.
Ёшлар етакчилари энди аниқ вазифаларни бажаради
Ўзбекистонда 9 мингдан зиёд маҳалла бор. Улар орасида “ёшлар етакчиси” деган лавозим ҳам мавжуд. Лекин айтайлик, ўтган йилларда бу лавозим кўпинча қоғозда қолди. Етакчи асосий вақтини ҳисобот тайёрлаш ва йиғилишларда ўтказарди.
Фармон билан ёшлар етакчиларининг қайси вазифалар билан шуғулланишию, уларни қандай ишларга жалб қилиш мумкин эмаслиги аниқ белгилаб берилди. Энди ёшлар етакчилари ҳар бир ёш билан шахсий иш олиб боради. Масалан, ишсиз қолган битирувчи, дарс қолдирган ўқувчи ёки спортга қизиққан, аммо шароит топа олмаган бола – барчаси билан аниқ маълумотлар асосида ишлайди. Етакчининг фаолияти самарадорлиги ҳам рақамли платформада баҳоланиб боради.
Шу орқали ёшлар етакчисининг маҳаллада ёшлар тақдири учун масъулияти янада оширилмоқда. Бу жамиятнинг энг қуйи бўғинидаги катта бурилишдир.
Рақамли портрет: катта маълумотлар замони
2026 йилдан ишга тушадиган “Ёшлар ягона электрон платформаси” бутун тизимнинг юрагига айланади. Унда 30 ёшгача бўлган ҳар бир инсон ҳақида турли вазирлик ва идоралардан олинган маълумотлар жамланади:
- таълим муассасаларида ўқиши;
- иш билан таъминланган ёки таъминланмагани;
- тадбиркорлик фаолияти ва солиқлар;
- ижтимоий ҳимоя ёки ногиронлик ҳолати;
- ҳатто ҳуқуқбузарлик фактларигача.
Аввал бундай маълумотлар турли идораларда тарқоқ ҳолда сақланарди. Энди эса улар битта тизимга йиғилади. Бу – давлатга катта таҳлил имкониятини беради. Масалан, қайси ҳудудда ишсизлик юқори, қаерда қизлар таълимдан четда қолаяпти, қаерда ёшлар тадбиркорликка қизиқмоқда?
Шу асосда дастурлар ва қарорлар қабул қилинади. Ёшлар сиёсати энди факт ва рақамларга таянади.
Хулоса: ёшлар тақдири – давлат тақдири
Президент фармонининг энг катта аҳамияти – давлат ва ёшлар муносабатини тубдан ўзгартириши.
Бир ёшнинг ишсиз қолиши – унинг шахсий иши эмас, давлатнинг муаммоси. Бир ёшнинг ютуғи – унинг шахсий шарафи эмас, миллатнинг ғурури.
“Ёшлар ягона электрон платформаси” – бу оддий рақамли тизим эмас. Бу давлат ва ёшлар ўртасида ишонч кўприги. Агар у ишласа, ёшлар билан ишлаш йўналишида, шубҳасиз, тарихий бурилиш рўй беради.
Мастура Очилова, журналист
Live
Барчаси