Ёшларимиз Олимпиадага йўлланма олди. Бу давомий бўлиши учун маҳаллаларда футболни ривожлантириш керак – Мирзиёев
Спорт
−
08 Июнь
5237Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидаги Дилбоғ маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари маҳалладаги қурилиш ва ободонлаштириш ишларини кўздан кечирди.
Маълумки, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси ҳузуридаги Тошкент шаҳар футбол академияси шу маҳаллада жойлашган. Замонавий мажмуада ёпиқ ва очиқ спорт майдонлари, назарий машғулот хоналари, ётоқхона, ошхона ва кутубхона мавжуд. Ҳозир бу ерда 12 ёшдан 18 ёшгача бўлган 154 нафар бола сабоқ олмоқда. Машғулотларга чет эллик мутахассислар ҳам жалб қилинган. Стадионлар ёритиш ва тасвирга олиш қурилмалари билан жиҳозланган.
Президент академия тарбияланувчилари ва спорт соҳаси масъуллари билан суҳбатлашди.
“Футбол бўйича қарорларимиз, иқтидорли болаларга эътибор берганимиз туфайли ўзбек футболи ҳам жаҳонга чиқа бошлади. Европа жамоаларида легионерларимиз кўпайяпти. Ёшларимиз Олимпиадага йўлланма олди. Бу давомий бўлиши учун энди маҳаллаларда футболни ривожлантириш керак. Қўшимча стадионлар қуриб, унинг оммавийлигини қўллаб-қувватлаш зарур”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, Президент Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзолари Аббосбек Файзуллаев, Абдуқодир Ҳусанов ва Ҳусниддин Алиқулов билан учрашиб, уларнинг келгуси фаолиятига омад тилади.
Шу маҳалладаги сув спорти саройининг таъмири ҳам кўздан кечирилди. Уни давлат-хусусий шериклик асосида барқарор ишлатиш бўйича кўрсатма берилди.