Ерусти метросининг яна 2 бекати фойдаланишга топширилади
Жамият
−
08 Февраль
5224Ерусти ҳалқа метро линиясининг “Турон” ва “Қипчоқ” бекатларидаги синов жараёнлари 15 мартга қадар давом этади, шундан сўнг улар фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги хабар берди.
“Бугунги кунда ерусти метро линияларини қуриш, фойдаланишга топшириш, топшириш олди синов жараёнларини ўтказиш ўрганилган хориж тажрибаси натижаларидан келиб чиқиб, тасдиқланган меъёрий техник талаблар асосида амалга оширилмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, мазкур синов жараёнлари жорий йилнинг 15 март кунига қадар давом эттирилади. Шундан сўнг, ерусти метро линиясининг "Турон" ва "Қипчоқ" бекатларини ўз ичига олган қисми фойдаланишга топширилиши режалаштирилган.
Маълумот учун, Тошкент метрополитенининг ерусти ҳалқа айланма йўли жами 37 та бекатни ўз ичига олиши режалаштирилган. Шу вақтга қадар “Дўстлик 2” бекатидан “Қурувчилар” бекатигача бўлган 12 та бекат иш бошлаганди. Қолган бекатлар ҳали қурилиш жараёнида.
Эслатиб ўтамиз, ушбу 2 бекатдаги қатнов Транспорт вазирлигининг 2023 йил 14 декабрдаги 207-сонли “Тошкент шаҳри ерусти ҳалқа метро линиясининг “Қурувчилар – Қипчоқ” участкасида поездлар қатновини синов тариқасида бошлаш тўғрисида”ги буйруғига асосан 15 декабрь кунидан синов тариқасида бошланган.
LiveБарчаси