Ери олиб қўйилганларга 300 млрд сўм компенсация тўланмаган
Жамият
−
22 Июль 2019
3355Жорий йилнинг май-июнь ойлари давомида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига кўчмас мулкка доир 2 586 та мурожаат тушди. Бу ҳақда вазирлик Матбуот хизмати хабар берди.
Мурожаатларнинг таҳлили фуқароларни асосан ноқонуний қурилган уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш масаласи қийнаётганлигини кўрсатди.
Бу борада Адлия вазирлиги томонидан Ҳукуматга таклифлар киритилди, натижада Ҳукумат томонидан тегишли ҳужжат қабул қилиниб, фуқароларни қийнаётган ушбу масалани ечиш бўйича аниқ механизмли қўшимча чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Аҳолини қийнаётган кейинги масала бу – ер участкаларининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан етказилган зарарлар ўрнатилган тартибда қопланмаётганлигидир.
Мазкур масалада энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент ва Наманган вилоятларига, энг ками эса Навоий вилоятига тўғри келди.
Мурожаатларни ўрганиш давомида 2018 йил ҳамда 2019 йилнинг биринчи ярмида давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари ҳамда шу муносабат билан бузилган қурилиш объектларининг паспорти шакллантирилди.
Бу йўналишда 846 та ҳолатда мулкдорларга ёзма хабарнома берилмаганлиги, шунингдек, 1 388 та ҳолатда ёзма хабар бериш муддати бузилганлиги, шунингдек, қурилиш объектлари уларнинг қийматига аниқлик киритилмаган (баҳоланмаган) ҳолда бузилганлиги аниқланган бўлиб, бундай ҳолатларнинг энг кўпи Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида, энг ками эса Самарқанд вилоятида кузатилди.
Бузиш ишларини амалга оширишда 600 млрд сўмдан ортиқ компенсациялар тўлаб берилганлиги ҳамда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фағона, Қашқадарё ва Наманган вилоятларида бузилган турар ва нотурар жойлар учун компенсация тўлаш бўйича 300 млрд сўмга яқин қарздорлик мавжудлиги аниқланди.
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилган ер участкалари ўрнига бошқа жойлардан 359,2 гектар ер участкаси ажратиб берилган.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар юзасидан адлия органлари томонидан манфаатдор жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли амалий чоралар кўрилган.
Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқишда 874 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган бўлиб, адлия органлари томонидан тегишли ташкилотларга 236 та тақдимнома (ҳуқуқи бузилган жисмоний ва юридик шахсларга жами 6,5 млрд сўмдан ортиқ пуллик компенсация қопланиши сўралган) ҳамда 100 та огоҳнома, шунингдек судларга 30,3 млрд сўмлик 360 та даъво аризаси киритилди.
Масалан, Бахмал тумани (Жиззах) ҳокимлиги томонидан фуқаро Р.И.нинг биноси бузилиб, унга компенсация тўланмаганлиги аниқланиб, Бахмал туман адлия бўлими томонидан фуқаро манфаатини кўзлаб Фуқаролик ишлари бўйича Ғаллаорол туманлараро судига 195,8 млн сўмлик компенсация тўлаш бўйича даъво аризаси киритилди.
Беруний туманида (Қорақалпоғистон) фуқаро У.С.нинг турмуш ўртоғига тегишли бўлган Шоббоз деҳқон бозори эски истироҳат боғидаги дўкон биноси жойлашган ер участкаси туман ҳокимлиги томонидан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиб, компенсация тўлаб берилмаганлиги ҳолати бўйича Беруний тумани адлия бўлими томонидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилди.
Адлия вазирлиги вилоят ва туман (шаҳар) даражадаги ҳокимликларни, вазирлик ва қўмиталарни фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини бузмасликка, ер участкаларини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйишда қонун ҳужжатлари талабларига қатъий риоя этишга чақиради.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь