Ереван Бакуга темирйўл алоқасини тиклаш таклифини юборди – Пашинян

Олам

image

Арманистон Озарбайжонга 1990 йилларнинг бошида Қорабоғ ва икки давлат чегарасидаги ҳарбий ҳаракатлар сабаб тўхтаб қолган темирйўл алоқасини тиклаш бўйича таклиф юборди. Бу ҳақда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян “Арменпресс” нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

“Бизнинг фикримизча, темирйўл алоқасини тиклашнинг Арманистон ва Озарбайжон учун тўлиқ мақбул бўлган ечимини топдик. Бу ечимни ёзма шаклда Озарбайжонга юбордик ва ижобий жавоб кутмоқдамиз. Ушбу жавоб олингач, тезда келишув имзолаш ва темирйўл қурилишига киришиш зарур бўлади”, деди Пашинян.

Шунингдек, Никол Пашинян Ереван чегарани делимитация қилгандан кейин арман-озарбайжон чегарасида учинчи давлат кучларини жойлаштирмасликка тайёр эканини ҳам билдирди.

“Биз арман-озарбайжон чегарасининг делимитация қилинган қисмларига учинчи давлат кучларини жойлаштирмаслик масаласини қўллашни таклиф қилмоқдамиз. Бу мантиқан тўғри, чунки делимитация туфайли бу ҳудудларда эскалация хавфи сезиларли даражада камаяди, ҳатто минимал даражага тушади, десак ҳам бўлади”, деди у.

Пашинянга кўра, чегаранинг тўлиқ делимитациясидан сўнг арман-озарбайжон чегарасининг бирор қисмида учинчи кучлар иштирокига эҳтиёж қолмайди. Арманистон ана шундай мантиқни таклиф қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Никол Пашинян парламентдаги ҳукумат соати давомида Арманистон ҳукумати минтақавий алоқаларни очиш бўйича Озарбайжонга таклиф йўллаганини маълум қилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон Никол Пашинян Арманистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг