Ер юзи бўйлаб иқлим инқирози кучайишда давом этмоқда
Бу қизиқ
−
08 Октябрь
14358АҚШнинг Орегон штати университети бошчилигидаги халқаро олимлар гуруҳи Ер юзида иқлим инқирози кучайишда давом этаётганини аниқлади. Буни сайёрадаги ҳаёт фаолиятининг сўнгги кўрсаткичлари тасдиқлаган. Бу ҳақдаги тадқиқот “BioScience” илмий журналида чоп этилди.
Мутахассисларга кўра, иқлим ўзгаришини кузатиш учун ишлатиладиган 35 параметрдан 25 таси 2024 йилда рекорд даражадаги кўрсаткични қайд этган. Унга кўра, 2024 йилнинг июль ойида кузатув тарихидаги энг иссиқ уч кун кузатилган. Қазилма ёқилғи чиқиндилари ҳам максимал даражада кўпаймоқда.
Бундан ташқари, олимлар Ер аҳолиси кунига тахминан 200 минг кишига ошиб бораётганини таъкидлаган. Шунингдек, чорва моллари, қўй ва эчки сони ҳам шунга ўхшаш суръатда, кунига тахминан 170 минг бош кўпаймоқда. Қишлоқ хўжалиги ҳайвонлари иссиқхона газларини чиқаради ва уларни боқиш учун катта энергия сарфи талаб этилади.
Ҳисоботда келтирилишича, 2023 йилда қазилма ёқилғи истеъмоли 1,5 фоизга ошган, бу асосан кўмир (+1,6%) ва нефть (2,5%) истеъмолининг ортиши ҳисобига тўғри келади. Бироқ, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш ҳам 2023 йилда ўсган: қуёш ва шамол энергияси истеъмоли 2022 йилга нисбатан 15 фоиз ошган.
Шунингдек, дунё бўйлаб ҳар йили ўрмонларнинг йўқолиши 2022 йилда 22,8 миллион гектардан 2023 йилда 28,3 миллион гектарга кўпайгани ва атмосферадаги карбонат ангидрид ҳамда метан газларининг ўртача йиллик концентрацияси тарихий максимумга етгани қайд этилган.
Олимлар, шунингдек, дунё океанларининг рекорд даражада кислотали бўлиб бораётгани, уларнинг иссиқлик ҳажми ортаётгани ва Гренландия ҳамда Антарктидадаги муз массаси тарихий минимумга тушиб кетганини маълум қилган.
Тадқиқотчиларга кўра, 2023 йилда АҚШда жазирама иссиқ туфайли ўлим ҳолатлари 2325 кишига етган, бу 1999 йилга нисбатан 117 фоизга ошган.
Муаллифлар давлатлар ва халқаро ташкилотлар иссиқхона газлари чиқиндиларини камайтириши, қайта тикланадиган энергия манбаларидан кўпроқ фойдаланиши ва аҳолига ўзгараётган иқлим муаммолари ҳақида кўпроқ маълумот бериши кераклигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар музёрар кемалар ва сувости роботларидан фойдаланиб, Антарктидадаги Thwaites музликлари шиддат билан эриётганини аниқлаган эди. Бутун дунё океан сатҳи кўтарилиши оқибатида олдини олиб бўлмас ҳалокатга йўлиқиши мумкинлиги хабар қилинганди.
LiveБарчаси