Тарихда илк бор Ер юзи бўйлаб сувнинг ҳаракатланиш тизими мувозанатдан чиқди
Олам
−
18 Октябрь
95812Инсоният глобал сув айланиш тизимини ўз тарихида биринчи марта мувозанатдан чиқариб юборди. Ушбу ҳолат ўсиб бораётган сув инқирозини кучайтиради, иқтисодиётга, озиқ-овқат ишлаб чиқаришга ва тирикликка жиддий зарар етказади. Бу ҳақда халқаро етакчилар ва экспертлардан иборат Глобал сув иқтисодиёти комиссияси ҳисобот эълон қилди.
Ҳисоботга кўра, йиллар давомида Ерни зарарлантириш ва сувни нотўғри бошқариш инсон томонидан юзага келтирилган иқлим инқирози билан бирга тўқнаш келиб, глобал сув айланиш тизимига мисли кўрилмаган босим ўтказган.
Сув айланиши – бу сувнинг Ер атрофида қандай ҳаракатланишини тавсифловчи мураккаб тизим ҳисобланади. Сув Ер юзидан, жумладан, кўл ва дарёлар, ўсимликлар таркибидан буғланиб, атмосферага кўтарилади ва у буғ ҳолатида узоқ масофаларга “саёҳат қилади”. Кейин эса совиб, конденсацияланади ва ёмғир ёки қор шаклида ерга қайтади.
Сувнинг нормал айланишидаги бузилишлар аллақачон азоб-уқубатларни келтириб чиқармоқда. Хусусан, тахминан 3 миллиард одам сув танқислигидан қийналмоқда, экинлар қуримоқда, шаҳарлар эса уларнинг остидаги ер ости сувлари қуриб қолиши сабабли чўкиб бормоқда.
Қайд этилишича, агар тегишли чоралар кўрилмаса, оқибатлар янада ҳалокатли бўлади. Сув инқирози глобал озиқ-овқат ишлаб чиқаришининг 50 фоиздан ортиғига таҳдид солмоқда ва 2050 йилга бориб мамлакатларнинг ЯИМ ҳажмини ўртача 8 фоизга қисқартиши хавфини туғдиради. Кам даромадли давлатларда эса бу кўрсаткич 15 фоизга етиши мумкин.
“Инсоният тарихида биринчи марта биз глобал сув айланишини мувозанатдан чиқаряпмиз. Чучук сув манбаси бўлган ёғингарчилик энди ишончли бўлолмайди,” дейди Глобал сув иқтисодиёти комиссияси ҳаммуассиси ва ҳисобот муаллифи Йохан Рокстром.
Ҳисобот кўк сув ва яшил сув ўртасидаги фарқни кўрсатади. Кўк сув – бу кўллар, дарёлар ва еростидаги суюқ сув, яшил сув эса тупроқлар ва ўсимликларда сақланадиган намлик.
Ҳисоботга кўра, яшил сув манбалари узоқ вақт давомида эътибордан четда қолган бўлса-да, у сув айланишида жуда муҳим. Чунки ўсимликлар сув буғини чиқариб, уни атмосферага қайтаради ва бу қуруқликдаги ёғингарчиликнинг ярмига яқинини юзага келтиради.
Қайд этилишича, сув айланишидаги бу бузилишлар иқлим ўзгариши билан чуқур боғланган.
“Яшил сувнинг барқарор таъминоти сайёрани қиздирувчи углеродни сақлайдиган ўсимликларни қўллаб-қувватлаш учун зарур. Аммо инсонлар келтираётган зарар, шу жумладан, ботқоқликларни йўқотиш ва ўрмонларни кесиш углерод “омборлар”ини тугатмоқда ва глобал исишни тезлаштирмоқда. Аксинча, иқлим ўзгаришидан келиб чиқадиган иссиқлик ер юзини қуритиб, намликни камайтиради ва ёнғин хавфини оширади”, дейилади хабарда.
Ҳисоботга кўра, сувга бўлган улкан эҳтиёж инқирозни янада кескинлаштиради. Одамлар кунига ўртача 4 000 литр сувга муҳтож. Бу Бирлашган Миллатлар Ташкилоти томонидан асосий эҳтиёжлар учун белгиланган 50 дан 100 литргача бўлган миқдордан анча кўп ва аксарият ҳудудлар буни маҳаллий сув манбалар орқали таъминлай олмайди.
Англиядаги Рединг университетининг иқлимшунослик профессори Ричард Аллан ҳисобот инсон томонидан юзага келтирилган глобал сув айланиши бузилиши – ҳақиқий фожиани кўрсатиб бераётганини таъкидлайди.
“Инсон фаолияти Ер юзасини ва унинг устидаги ҳавони ўзгартирмоқда. Бу эса иқлимни иситяпти, ҳўл ва қуруқ экстремалларни кучайтиряпти ҳамда шамол ва ёғингарчилик тизимини издан чиқаряпти,” дейди Аллан.
Унинг фикрича, инқирозни фақат табиий ресурсларни яхшироқ бошқариш ва сайёрани қиздирувчи ифлосланишни кескин қисқартириш орқали ҳал қилиш мумкин.
Ҳисобот муаллифлари дунё ҳукуматлари сув айланишини умумий бойлик сифатида тан олиши ва уни биргаликда ҳал қилиши кераклигини таъкидламоқда. Хусусан, мамлакатлар бир-бирига дарёлар ва кўллар орқали боғлиқ бўлиши билан бир қаторда, атмосферадаги сув ҳам катта масофаларга ҳаракатлана олади – демак, бир мамлакатда қабул қилинган қарор бошқа мамлакатда ёғингарчиликка путур етказиши мумкин. Қайд этилишича, ҳисобот иқтисодиётда сувнинг ўрнини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда, шу жумладан, сувдан исрофгарчилик билан фойдаланишни ва сув танқис ҳудудларда сувга чанқоқ экинларни экиш ҳамда объектларни жойлаштириш тенденциясини олдини олиш учун унга яхшироқ нарх белгилашни таклиф қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ олимлар музёрар кемалар ва сувости роботларидан фойдаланиб, Антарктидадаги Thwaites музликлари шиддат билан эриётганини аниқлаганди. Унга кўра, бутун дунё океан сатҳи кўтарилиши оқибатида олдини олиб бўлмас ҳалокатга йўлиқиши мумкин.
LiveБарчаси