Ёнғиндан жабр кўрганларга 56 млн сўмгача ёрдам берилади

Жамият

image

Ўзбекистонда эндиликда ёнғин, сув тошқини, зилзила ва бошқа техноген ҳодисалар оқибатида зарар кўрган Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 баравари (56 млн 250 минг сўм)гача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатилади. Бу 2025 йил 30 январда қабул қилинган “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини молиялаштириш тартиб-таомилларини такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган. 

Фармонга мувофиқ бундай ҳолатга тушган ўзбекистонликларга уй-жойларини тиклаш ва таъмирлаш харажатларини қоплаш учун “Саховат ва кўмак” жамғармаси орқали 150 бараваригача бўлган миқдорда ёрдам кўрсатилади.

Шунингдек, ҳужжатда “Ёшлар дафтари” жамғармаси ҳисобидан ногиронлиги бўлган ёшларга параспорт тўгаракларига қатнашиши учун йўл ҳақи харажатларини ҳар ойда БҲМнинг 1 бараваригача миқдорда қоплаб бериш белгиланган. Бунда ногиронлиги бўлган ёшларнинг параспорт тўгаракларига қатнашиши Спорт вазирлигининг “ERP-sport” ахборот тизими орқали мониторинг қилиб борилади. Жамғарма ҳисобидан 6 ой давомида мунтазам равишда спорт ва санъат тўгаракларига қатнашаётган ёшлар учун қиймати БҲМнинг 10 баравари (3 млн 750 минг сўм)дан ошмайдиган махсус спорт форма, инвентарь, мусиқа ва чолғу асбобларини харид қилиш учун маблағлар ажратилади. 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида муҳтож оилаларга бир марта бериладиган моддий ёрдам ўрнига ушбу ҳудудларда яшовчи Камбағал оилалар реестрига киритилган оилаларга уй-жойида артезиан қудуқ қазиш, сув насосларини ўрнатиш ҳамда ичимлик сув фильтрларини харид қилиш харажатларини қоплаш учун субсидия ажратиш тартиби жорий этилади. Бунда субсидия харажатларнинг 90 фоизи, бироқ БҲМнинг 30 баравари (11 млн 250 минг сўм)дан кўп бўлмаган миқдорда ажратилади.

Юқоридагилар бугун, 1 апрелдан кучга кирди.


Мақола муаллифи

Теглар

ёнғин Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг