Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузган мансабдорларга жавобгарлик кучайтирилади

Жамият

image

Ўзбекистонда мансабдорларга ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 апрель куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёнғинларнинг олдини олиш самарадорлигини оширишга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги қонунда сўз боради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритилган қўшимчаларга кўра, корхона, муассаса, ташкилот, жамоат жойлари, омборхона бинолари, ётоқхона ва турар жойларда, шунингдек тегишли объектларни лойиҳалаштириш, қуриш ва қайта қуриш чоғида ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача, мансабдор шахсларга эса 3 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.

Амалдаги таҳрирда мазкур ҳуқуқбузарлик учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланган.

Шунингдек, киритилган қўшимчаларга кўра, Ўзбекистон Республикаси ёнғин назорати бўйича бош давлат инспектори ва унинг ўринбосарлари давлат ёнғин назорати органлари номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда мансабдор шахсларга БҲМнинг 25 бараваригача миқдорда жарима солишга ҳақли эканлиги белгиланган. Амалдаги таҳрирда мазкур жарима миқдори БҲМнинг 20 баравари этиб белгиланган.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради.


Мақола муаллифи

Теглар

жавобгарлик мансабдор Ёнғин хавфсизлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг