Енгилмас Эргашев Чурбановни учинчи раундда накаутга учратди
Спорт
−
10 Июнь 2019
7511Кеча, 9 июнь куни тунда Россия Федерацияси пойтахти Москва шаҳрида навбатдаги профессионал бокс кечаси якунланди.
Оқшомнинг марказий жанги мағлубият ва муроса нималигини билмай келаётган ўзбекистонлик чарм қўлқоп устаси Шоҳжаҳон Эргашев иштирокида кечди. У ўзининг проф рингдаги 17-жангида россиялик Максим Чурбановга қарши рингга кўтарилди. Шоҳжаҳон кутилганидек, жангнинг учинчи раундида рақибини нокаутга учратди. Бу ҳақда Olamsport.com нашри хабар тарқатди.
Эслатиб ўтамиз, аслида Эргашев бугун Пуэрто-Рико вакили Даниэлито Зорриллага қарши жанг ўтказиши керак эди. Зоррилла проф боксда 11 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган эди (9 та нокаут). Лекин бетоб бўлиб қолганлиги боис Зорилла Москвага етиб кела олмади.
Шоҳжаҳоннинг бугунги рақиби россиялик 32 ёшли Максим Чурбанов фаолияти давомида жами 14 та жанг ўтказган. Ҳисобида 8 ғалаба, 4 мағлубият ва бир дуранг бор эди. Бугун у бешинчи мағлубиятини қабул қилиб олди.