“Елцинни Танья ва Вальяси билан ёмон кўраман”. Навальний қамоқдан хат ёзди 

Олам

image

Россиялик мухолифатчи Алексей Навальний экстремизм учун 19 йиллик махсус режимга ҳукм қилинганидан кейин колониядан ўзининг биринчи мактубини ёзди ва унда Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин ҳамда унинг атрофидагилар 1990-йилларда олиб борган сиёсатни қоралаб, улар мамлакатда демократия қуришга ҳисса қўшмаганини қоралади. Унинг хати ижтимоий тармоқдаги саҳифасида эълон қилинди.

Навальний аввал ҳам 1990-йилларнинг арбобларини тез-тез танқид қилар эди, лекин у биринчи марта уларни бунчалик кескин қоралади ҳамда Ельцин ва “ислоҳотчилар”ни ҳозирги тузумнинг бошида турганликда айблади.

“Тўқсонинчи йилларнинг бошларида мамлакатимизда мавжуд бўлган тарихий имкониятни сотган, ичган, совурганлардан қаттиқ нафратланаман. Ельцинни “Танья ва Вальяси” билан бирга (Ельциннинг қизи Татьяна Дяченко ва куёви Валентин Юмашев), Чубайсни ва Путинни ҳукуматга олиб келган бошқа сотқинларни ёмон кўраман. Биз негадир ислоҳотчи деб атаган фирибгарларни ёмон кўраман. Бугун улар ўз манфаатлари йўлида интрига уюштиришдан бошқа ҳеч нима билан шуғулланмагани кундай равшан бўлиб қолди. Президентга ўша вақтдаёқ мутлақ монарх ҳуқуқини берган ва бизга демократик деб уқтирилган авторитар конституция муаллифларидан нафратланаман”, дейилади хатда.

Шунингдек, Навальний 1996 йилги президентлик сайловлари сохталаштирилган, деган даъвони илгари сурган.

“Биз 2011 йил Путин билан эмас, 1994 йил Ельцин, Чубайс ва барча комсомол партиясидаги бандалар, олигархлар ва ўзини “демократ” деб кўрсатганлар билан Европа томон эмас, балки Марказий Осиё томон юз тутдик. Европадаги келажагимизни “Танья ва Валья”нинг Сен-Бартдаги “миллионерлар ороли”да қурилган виллаларига алмашдик”, дейди Навальний.

Бундан ташқари, у Ксения Собчак, Алексей Венедиктов, Михаил Ходорковский ва унинг фикрича, ё принципсиз иш тутадиган ёки мухолифатчиларнинг гапларига қарамай, бевосита ҳокимият манфаатларини кўзлаб иш тутадиган бир қатор бошқа шахсларни танқид қилган.

Навальнийнинг мактуби ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган. Журналист Алексей Венедиктов Навальнийни ҳанузгача сиёсий маҳбус деб билишини ёзган, “Новая газета. Европа” бош муҳаррири Кирилл Мартинов эса хатни фактик хатолар учун қоралаб, уни Навальний ёзмаганини тахмин қилган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта Москва шаҳар суди Владимир вилоятидаги колониялардан бирида фирибгарликда айбланиб, 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаётган Алексей Навалнийни экстремистик жамиятни ташкил этишда ҳам айбдор деб топиб, уни 19 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Навальний Борис Ельцин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг