Навальний 4 та айблов бўйича жавобгарликдан озод қилинди

Олам

image

Кеча, 5 август куни Москва шаҳар суди судьяси Андрей Суворов “экстремистик иш” бўйича Алексей Навальнийга ҳукмни ўқиб чиқиб, сиёсатчини тўртта айблов бўйича жавобгарликдан озод қилди. Бу ҳақда суддан олинган аудиоёзувга таяниб, “Медиазона” хабар берди.

Мухолифатчига 7 та айблов эълон қлинганди. Судья эса уни қуйидаги моддалар бўйича жавобгарликдан озод этган:

  • нацизмни реабилитация қилиш тўғрисида – Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 354.1-моддаси 3-қисми (бир йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • вояга етмаганларни хавфли қилмишларни содир этишга жалб қилиш тўғрисида – ЖКнинг 151.2-моддаси 2-қисмининг “а”, “б” ва “в” бандлари (уч йил муддатга интернетдан фойдаланишни тақиқлаш билан икки йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • фуқароларнинг шахсияти ва ҳуқуқларини бузувчи нодавлат нотижорат ташкилотини яратиш – ЖКнинг 239-моддаси 2-қисми (икки йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси);
  • экстремизмга даъват қилиш бўйича – ЖКнинг 280-моддаси 1-қисми (уч йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси).

Натижада суд Навальнийни экстремизмни молиялаштириш (ЖКнинг 282.3-моддаси 2-қисми), экстремистик жамият яратиш (ЖКнинг 282.1-моддаси 3-қисми) ва экстремизмга даъват қилиш (ЖКнинг 280-моддаси 2-қисми) моддалари бўйича жазолаган. Дастлабки икки моддага кўра, сиёсатчи жами 15 йил қамоқ ва бир ярим йил озодликни чеклаш билан 500 минг рубль жарима ва тўққиз йил давомида интернетда ёзишни тақиқлаш, учинчиси бўйича – икки йил давомида интернетдан фойдаланишни тақиқлаш билан тўрт йил қамоқ жазоси тайинланган.

Аввалги ҳукмларни инобатга олган ҳолда, мухолифатчи 19 йилга махсус режимли колонияга ҳукм қилинган ва 500 минг рубль миқдорида жаримага тортилган. Бундан ташқари, у уч йилга озодликни чеклаш ва 10 йил давомида интернетда ёзишни тақиқлашга ҳукм қилинган. Судья Суворов ҳукмда Навальний жазони ўтаган вақтни ҳисобга олган ҳолда 19 йилни колонияда ўтказишини айтганди. 
Маълумот учун, Навальний 2021 йилнинг январидан бери ҳибсда сақланмоқда. Шунинг учун суд томонидан тайинланган муддат 2030-йилларнинг охирида тугаши керак.

“Навальний Live” YouTube каналининг собиқ техник директори Даниэль Холодний эса жами саккиз йилга қамоқ ва тўрт йилга интернетда ёзишни тақиқлашга ҳукм қилинган. У экстремистик фаолиятни молиялаштириш (ЖКнинг 282.3-моддаси 2-қисми) моддаси бўйича тўрт йил ва экстремистик ташкилот фаолиятида иштирок этиш (ЖКнинг 282.1-моддаси 2-қисми) бўйича олти йил муддатга озодликдан маҳрум этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Алексей Навальний

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made