Елизавета II Рождествони нишонлаётган қасрда қуролли эркак қўлга олинди
Олам
−
26 Декабрь 2021
6309Буюк Британияда полиция қиролича Елизавета II ва унинг оиласи Рождество байрамини нишонлаётган Виндзор қасри ҳудудига кирган қуролли эркакни қўлга олди. Бу ҳақда “Sky News” хабар берган.
“Полиция Рождество кунида Виндзор қасри ҳудудига кирган қуролли эркак қўлга олинганини маълум қилди”, дейилади телеканал хабарида.
Қўшимча қилинишича, қўлга олинган 19 ёшли йигит ҳозир қамоқда. Таъкидланишича, полиция ходимлари Виндзор қасрида соат 08:30 (Тошкент вақти билан 13:30) атрофида хавфсизлик бузилиши сабабли чақирилган.
“Ушбу воқеадан сўнг тергов давом этмоқда ва биз пойтахт полициясидаги ҳамкасбларимиз билан ишламоқдамиз. Эркак қўриқланадиган ҳудудни бузиш ёки ноқонуний равишда кириш ва ҳужум қуролларини сақлашда гумон қилиниб ҳибсга олинган”, деган Темза водийси полицияси вакили Ребекка Мирс.
Унинг сўзларига кўра, эркак ҳеч қандай бинога кирмаган. Воқеа ҳақида қироллик оиласи аъзолари хабардор қилинган.
“Биз жамоатчилик учун жиддий хавф борлигига ишонмаймиз”, дея қўшимча қилган полиция вакили.
Аввалроқ, Буюк Британия қироличаси Елизавета II Рождество байрамини Виндзор қасрида ўтказиши ҳақида хабар берганди.
LiveБарчаси