ЕХҲТ миссияси сайловларга тайёргарликни баҳолаш учун Ўзбекистонга келди

Жамият

image

Ўзбекистонга Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг (ДИИҲБ) Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси (ЭБМ) экспертлари келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси матбуот хизмати хабар берди. 

Қайд этилишича, ЕХҲТ ДИИҲБ методологияси бўйича эҳтиёжларни баҳолаш муайян сайлов олдидан амалга оширилади ва сайловолди ҳолатига бериладиган баҳо ҳамда миллий сайлов қонунчилигининг умумэътироф этилган халқаро сайлов стандартларига мослиги натижаларидан келиб чиқиб, сайловни кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, кузатиш шакли, муддати ва кузатувчиларнинг зарурий сони ҳақида қарор қабул қилинади.  

Ташриф дастурига мувофиқ ЭБМ экспертлари қатор вазирлик ва идоралар, сиёсий партиялар, оммавий ахборот воситалари ва фуқаролик жамияти институти вакиллари билан учрашади. 

Бугун, 28 май куни Миссия экспертлари ЕХҲТ ДИИҲБ сайлов департаменти катта маслаҳатчиси Кеара Кастальдо ҳамда сайловлар бўйича маслаҳатчиси Каха Инаишвили Марказий сайлов комиссияси раиси Зайниддин Низамходжаев  билан учрашган. 

“Учрашувда ДИИҲБ сайловларни кузатиш Миссияларининг натижалари бўйича берилган тавсияларни миллий сайлов қонунчилиги ва амалиётига татбиқ қилиш, сайловларга оид ҳуқуқий базани такомиллаштириш борасида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтилди”, дейилади хабарда.

Шунингдек, экспертлар парламент қуйи палатаси ва сайлов органлари тизимидаги ўзгаришлар билан танишди. Ушбу ўзгаришларга кўра, мамлакатда сайлов органларининг ягона марказлашган тизими шакллантирилмоқда, парламент қуйи палатасига сайловлар аралаш сайлов тизими асосида ўтказилади.

“Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари ДИИҲБ миссияларининг 2023 йилда ўтказилган референдум ва муддатидан илгари президент сайловини кузатиш бўйича якуний ҳисоботларини таҳлил қилиш ва улардаги тавсияларни сайлов қонунчилиги ва амалиётига жорий қилиш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилганлиги учун миннатдорлик билдирдилар. Шунингдек, мамлакатимизда сайлов тартиб-таомиллари тамойилларини умумэътироф этилган халқаро демократик тамойилларга мувофиқ такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ишларни қўллаб-қувватлашларини билдирди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, шу йили Ўзбекистонда парламент сайловлари ўтказилиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ДИИҲБ халқаро кузатувчилари Ўзбекистонда президентлик сайловларига техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилгани, аммо унда ҳақиқий рақобат бўлмаганини қайд этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

сайлов ЕХҲТ ДИИҲБ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг