ЕХҲТ Ўзбекистондаги сайлов бўйича ҳисоботини эълон қилди
Жамият
−
10 Июль 2023
13418Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) халқаро кузатувчилари Ўзбекистонда президентлик сайловларига техник жиҳатдан яхши тайёргарлик кўрилгани, аммо унда ҳақиқий рақобат бўлмаганини қайд этди. Бу ҳақда бугун, 10 июль куни миссия томонидан эълон қилинган ҳисоботда сўз борди.
ДИИҲБга кўра, Ўзбекистонда ҳуқуқий базани ислоҳ қилиш давом этаётгани сабабли у ҳали демократик сайловларни ўтказиш учун ҳуқуқий асосни тўлиқ таъминламаяпти. Шунингдек, кузатувчилар демократик жараёнлар учун муҳим аҳамиятга эга бўлган аввалги бир қатор тавсиялар эътибордан четда қолаётганини таъкидлаган. Миссия мавжуд чекловларни олиб ташлаш ва фуқаролик жамиятининг сайлов жараёнида тўлиқ иштирокини таъминлаш учун ҳам ислоҳотлар зарур, деб ҳисоблайди.
“Таъкидлаш жоизки, ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий ислоҳотларда бир қатор олдинги кузатиш ва тавсияларимиз инобатга олинган. Аммо сиёсий рақобатдан холи сайлов кампанияси воқелиги, сўз эркинлигидаги мавжуд чекловлар барча фуқароларни қамраб олган ҳақиқий демократия сари дадил қадам ташлашни янада муҳимроқ қилади”, дейди ДИИҲБ сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари, элчи Урсула Гачек.
Ҳисоботда қайд этилишича, сайлов маъмурияти томонидан сайлов кунига техник тайёргарлик ишлари самарали ташкил этилган, бироқ қуйи комиссиялар мустақиллигини таъминлаш учун қўшимча кафолатлар зарур. Сайлов куни умуман тинч ўтган бўлсада, бир қатор камчиликлар, жумладан, жиддий қонунбузарликлар, муҳим тартиб ва кафолатларга риоя қилинмагани кузатилган. Жумладан, сайлов бюллетенларини тўлдириш белгилари, шунингдек, сайловчилар рўйхатларида бир хил кўринадиган имзоларнинг бир неча бор кузатилиши жараённинг яхлитлигига шубҳа туғдирган.
Бундан ташқари, ДИИҲБ рўйхатга олинган номзодларнинг ҳеч бири амалдаги Президентни очиқ танқид қилмагани ёки муқобил сиёсий қарашларни билдирмаганига эътибор қаратган. Билдирилишича, сайловолди ташвиқоти бутун давр мобайнида суст кечган, воқеалар кўпинча олдиндан тайёрлангандек туюлган.
“Сайловолди регламенти давлат ресурсларидан суиистеъмол қилишни ва давлат мансабдор шахсларининг сайлов кампаниясида иштирок этишини тақиқласа-да, уларни амалга ошириш учун самарали кафолатлар мавжуд эмас. Ижтимоий чора-тадбирларнинг киритилиши ва янги лойиҳаларнинг эълон қилиниши амалдаги Президентга ортиқча устунлик берди”, дейилади ҳисоботда.
ЕХҲТ миссияси ижобий жиҳатни ҳам санаб ўтган. Билдирилишича, 2016 йилда аёлларнинг жамоат ва сиёсий ҳаётдаги иштирокини рағбатлантиришга қаратилган ислоҳотлар бошланганидан кейин уларнинг парламентдаги сони ортган. Хусусан, ҳозирда парламентдаги ўринларнинг қарийб 30 фоизини аёллар эгаллайди.
“Бироқ, аёллар ҳали ҳам кам вакиллик қилмоқда ва гендер масалалари сайловгача муҳокама қилинмади. Президентликка бир аёл номзодни ҳисобга олмаганда, аёллар сайловолди ташвиқотида муҳим рол ўйнамади”, дейилади ҳисоботда.
Маълумот учун, ДИИҲБнинг сайловларни кузатиш миссияси шу йилнинг 7 июнь куни иш бошлаган ва 18 июлда ўз ишини якунлайди. Миссия ДИИҲБ томонидан юборилган 16 нафар эксперт, шунингдек, Ўзбекистон бўйлаб жойлаштирилган 24 та узоқ муддатли ва 195 та қисқа муддатли кузатувчилардан иборат.